Хорижий университетларда таҳсил олаётган туркманистонлик талабалар жуда оғир аҳволда. Туркманистон ўз чегараларини ёпиб қўйгани учун ёшлар ватанига қайтолмаяпти. Туркманистон ҳукумати томонидан вақти-вақти билан ташкил этиладиган сийрак авиарейслар барчани уйига қайтариш учун етарли эмас. Қолаверса, молиявий инқироз туфайли ўқувчиларнинг ота-оналарида ўз фарзандларига пул юбориш имконияти қолмаган. Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўқиётган ёки яқинда битирган туркманистонлик талабалар «Хроника Туркменистана» газетасига ўз муаммолари ҳақида гапириб берди. 

Фото: LiveJournal

16 июль куни Бухородан бир гуруҳ талабалар Туркманистонга мустақил равишда қайтишга ҳаракат қилган. Олти нафар қиз ва икки йигит Ўзбекистоннинг Олот чегара постидан ҳеч бир тўсиқсиз пиёда ўтган. Аммо Фароб чегара пунктидаги туркман чегарачилари ва Миграция хизмати офицери уларга Туркманистонга киришга рухсат бермаган.

«Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакилларининг ҳамроҳлигисиз ёки уларнинг расмий мактубисиз сизларни кирита олмаймиз», — деган Миграция хизмати офицери.

Ишонтиришлар, паспортлар, битирув дипломлари ва инсофга чақиришлар ёрдам бермаган. Ёшлар орқага қайтишга мажбур бўлган. Худди шу куни умидсизликка тушган қизлардан бири ўз жонига қасд қилишга уринган. Дўстлари уни қутқаришга муваффақ бўлган.

Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Язгули Мамедов туркман талабаларини қабул қилмаяпти. Элчихона расмийлари Ашхобод қарорисиз уларга ёрдам бера олмаслигини айтмоқда. Яқинлари ёнига қайтиш ёки ота-оналаридан пул ўтказмалари олиш имкониятидан маҳрум бўлган ёшлар ўз муаммоларини ўзлари ҳал қилмоқда.

«Мен ўқишни тугата олмадим, тўлов қилишга пулим йўқ. Уйдан на Western Union орқали, на карта орқали пул ололмаяпман. Ҳозир бозордаги кафелардан бирида хамир ёйяпман. Кафе эгаси кам пул тўлайди, лекин сотилмай қолган сомса ва нонларни олишга рухсат беради. Яшаш учун пул етиб турибди» — деди собиқ талаба.

Туркманистонлик кўплаб талабалар кафеларда официантлик қилиш, идиш-товоқ ювиш, овқат етказиб бериш ёки бозорларда товар сотиш билан шуғулланмоқда.

Айрим талабалар таклифнома олиб, Россия, Туркия ёки Шимолий Кипрга виза олишга ҳаракат қилмоқда.

«Туркманистон паспорти билан Ўзбекистондан чиқиш Туркманистондан чиқишдан кўра осонроқ», —дейди Кипрга кетган собиқ талабалардан бири. «Ҳозир Бухорода қолиб кетган туркманистонликлар Туркия ёки Кипрда ишлаш ёки ўқиш учун таклифнома олмоқчи. Туркия фуқароси учун бир гастарбайтерга таклифнома расмийлаштириш 320-330 доллар туради. Менимча, бу улар учун фойдали, менга ўхшаганлар учун эса уйга қайтишдан яхшироқ».