Тошкентда А.Х. исмли фуқаро бир нафар фарзандининг 18 ёшигача алимент пулларини олдиндан тўлов сифатида бирйўла 800 миллион сўм тўлади. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Маълум қилинишича, бюронинг Учтепа туман бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг қарздор А.Х.дан ундирувчи Г.С. фойдасига 2016 йилда туғилган бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун 1/4 қисм миқдорида алимент ундириш тўғрисида ижро ҳужжати келиб тушган.

Унга асосан давлат ижрочиси томонидан ижро иши қўзғатилган ва қарздор бу ҳақида ўз вақтида хабардор қилинган.

Қарздор ота ўзининг оталик масъулиятини ҳис қилган ҳолда 5 яшар фарзандининг келажаги учун алимент тўлаш тартибини ўзгартириш учун судга мурожаат қилган. Бунга кўра, қарздорнинг даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2021 йил 4 июндаги ижро варақасига асосан қаноатлантирилган.

Ота 2021 йилдан 2034 йилгача, яъни фарзандининг 18 ёшигача алимент пулларини олдиндан тўлов сифатида бирйўла 800 миллион сўмни тўлиқ тўлаб берган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда бухоролик эркак икки хотинига бирданига 810 млн сўмдан ортиқ алиментни олдиндан тўлаб берган, қаршилик ота алимент ўрнига фарзандларига уй берган, фарғоналик ота икки фарзанди учун алимент ўрнига Spark берганди.