Ўзбек болалар адабиётида турғунлик, якранглик охирги пайтлари анча бўртиб, кўзга ташланиб қолди. Ёзилаётган аксар китоблар аввалги тажрибаларни такрорлаётгандек гўё. Кўз ўнгимиздаги сон-саноқсиз мавзу-муаммоларни адабий асар воситасида етказадиган, тасвирлайдиган ижодкор (айниқса, ёшлар) камдек, назаримизда. Икки йилча аввал чоп этилган «Галактикада бир кун» илмий-фантастик қисса ва саноқли китобларни айтмаса, болалар насрида жиддий ўзгариш, ривожланиш, олдинга силжиш кузатилаётгани йўқ. Бугун шу қиссаси билан болалар оламига кирган ва улар учун романлар ёзаётган ёзувчи Саъдулло Қуронов билан ўзбек болалар адабиёти муаммолари, китобхонлик, адабий танқидчилик, ноширлик ҳақида суҳбатлашдик.
– Сизни аввалига адабиётшунос, мунаққид деб билардик. Модернизм, постмодернизм ҳақида мақолалар, шеърият ва рангтасвир синтезига оид монографиялар ёздингиз. Лекин китобхонларга кўпроқ болалар ёзувчиси бўлиб танилдингиз. Бир-бирига сира ўхшамаган – шунослар оламидан бола дунёсига ўтишнинг ўзи бўладими(!) – қутбда туриб, бири иккинчисидан айро жабҳани баравар ушлаш қийин эмасми?
– Биласизми, 7–8 йиллар олдин кучли ижодий депрессияни бошдан кечирдим. У вақтлар эндигина бир нечта мақолаларим, кичик илмий тўпламим билан адабий жараёнга, адабиётшунослар сафига кириб келгандек эдим гўё. Ҳар қалай, ўзим учун шундай туйилганди. Бироқ илмий-ижодий жараён эйфориялари тиниб, ўзимга ва вазиятимга бироз юқоридан қараганимда бутунлай бошқа манзарани кўра бошладим. Адабий журнал ва газеталарнинг нуфузи тушиб, тиражи борган сари камайиб борарди. Нафақат адабиётшунослик, балки адабиётнинг ўзи ҳам жамиятнинг равишига таъсир қилмай қўйган, тубсиз жарлик ёқасидан бораётган соҳага ўхшаб кўринди менга. «Адабиётшунослик менинг амбицияларим учун тор» деган хаёлларга ҳам борганман. Йўқ, бу менга – вужуди олам-олам орзу ва истаклар билан тўлган ёш йигитга шундай туйилган, холос! Аслида ундай эмаслигини кейинроқ, яна-да улғайиб, фикр-қарашларим теранлашганда тушуниб етдим. Ҳозир эсласам... куламан.
Ҳа-я, бу нега гапни ижодий депрессиядан бошлади деб ўйлаётгандирсиз. Гап шундаки, мана шу тушкунлик бўлмаганида, мен болалар адабиётига кирмаган, унга қўл урмаган бўлардим, балки.
2015 йили «Шарқ юлдузи» журналидан бўшаб, фаолиятимни «Жажжи академик» болалар журналида давом эттирдим. Болалар учун илмий-оммабоп мавзуларда мақолалар ёза бошладим. Жажжи ўқувчи дўстларимнинг қизиқишини кўриб ижодий завқим яна-да ортарди. Мен учун бирдан ҳаммаси ўзгарди. Болалар учун ёзарканман, ўзимни жамият учун керакли шахс сифатида тасаввур қила бошладим. Бу менга куч берди. Қайтага адабиётшуносликда ҳам, ёзувчиликда ҳам баравар ижод қилишга илҳом келди. Мен PhD диссертацияси ва фантастик қиссамни бир вақтда – параллел ёздим. Айни дамда ҳам докторлик диссертацияси билан бирга илмий-фантастик роман ёзяпман. Айтмоқчиманки, бу икки қутб бир-бирига халал бермайди. Қайтага, назарий билимларга эга эканим қўл келади.
– Мана, «Галактикада бир кун» илмий-фантастик қиссангиз гапингиз исботи. Асар чоп этилибоқ оғизга тушди, болажонларнинг севимли китобига айланди. Болалар қолиб, ҳатто биз катталар ҳам айрича иштиёқ ва қизиқиш билан ўқидик. Китобдаги бир қанча информациялар – астрономия, физика, космосга оид назарий маълумотлар ва бадиий тўқима – ҳаммаси бирлашиб, ўқувчини бутунлай бўлак оламга етаклайди. Аҳмаднинг саргузаштлари бошланиши учун нима туртки бўлди?
– Ҳаммаси Нигора Назарованинг журналдан кетиши билан бошланди. «Жажжи академик» ёзувчисиз қолди. Кимдир журналдаги бадиий контентни тўлдириб бориши лозим эди. Журналимиз илмий-интеллектуал йўналишда бўлгани учун бу мавзуда ёзадиган ёзувчининг ўзи йўқ. Айланиб-ўргилиб, бу вазифа менинг гарданимга тушди. Аввалига ҳикоялар ёздим, кейин «Галактикада бир кун» асарига қўл урдим. Болалар журналида олти йилга яқин ишлаб, астрономия, физика, кимё, биология, география, тарих каби фанлар йўналишида болалар учун етти юзга яқин кичик мақолалар ёзибман. Бу мен учун катта ижодий хазина бўлиб қолди. Энди болаларга нима ёзсам ўша мақолалар эсга келади. Ёзилажак асарим ана шу илмий мўъжизалар атрофига қурилади. «Галактикада бир кун» ҳам шундай яралганди. Асарда тилга олинган коинот ажойиботлари аввало ўзимни ҳайратга солган. Сўнг бу ҳайратни асар орқали бошқаларга ҳам улашгим келган. Хуллас, бу асар дунёга келишига «Жажжи академик» сабабчи.
– Ўтган йили ва охирги икки йилда кўпгина йўқотишлар қатори болалар адабиёти чинорлари – Қамбар Ота, Анвар Обиджон, Худойберди Тўхтабоевдан ҳам айрилдик. Ўзбек болалар адабиёти ҳам ҳувуллаб қолгандек бўлди (турғунлик анча олдин бошланган эди, менимча). Бугун болаларга атаб арзигулик китоблар ёзаётган, ўзбек болалар адабиётини бойитаман деб майдонга тушаётганлар камдек, назаримда. Ё адашяпманми? Нега шундайлигини, муаммомиз илдизи нималигини билгим келади.
– Муаммо катта, комплексли. Уни келтириб чиқараётган омиллар юзлаб, балки, минглаб бўлиши мумкин. Лекин ўзимдан келиб чиқиб, бир ҳақиқатни очиқ айтишим мумкин. Олдинги салафларимиз яшаб ижод қилган даврдан фарқли ўлароқ, бугун асар ёзиб қоринни тўйдириб бўлмайди. Устоз ижодкорлар билан суҳбатлашганимизда улар асар ёзишаркан, тирикчилик ғамида бўлмаганликларини, ёзган асарлари учун бемалол битта машинага етадиган қаламҳақи тўланганини айтиб беришган.
Мен болалар адабиётидаги муаммони кўпроқ болалар насрида кўраман. Шеъриятда ёш, умидли ижодкорлар ҳам, уларга устоз саналувчи етук шоирлар ҳам мўл. Наср эса оғир карвон – деярли таназзулга юз бурган! Сабаби эса оддий: шеъриятдан фарқли равишда наср лаҳзалик ҳиссий мушоҳаданинг ифодаси эмас. Насрий асар ёзиш учун ижодкор ҳамма ишини қўйиб ўқиши, изланиши лозим. Асосий вақтини ёзишга сарфлаши керак! Мана, хориж ёзувчиларнинг фаолияти билан қизиқиб кўринг. Уларнинг касби – ёзувчи. Яъни бир вақтнинг ўзида ҳам муҳандис, ҳам ёзувчи эмас (профессионал ёзувчиларни назарда тутяпман). Ёзувчилик фаолияти уларнинг тирикчилик манбаига айланган. Ижодий агентликлар, ноширлик фаолиятлари, китобнинг савдо ишлари яхши йўлга қўйилган. Афсуски, юқорида айтганимдек, бизда бу фаолиятдан моддий фойда йўқ. Қолаверса, ҳозир давлат муассасаларида фаолият юритаётган ишчилар баъзан оиласига ҳам вақт тополмай қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айтмоқчиманки, бу шароитда ёзувчиликни хоббига айлантириб олиш ҳам мушкул. Шу ўринда ғалати парадокс бор: ёзувчилик ҳам аслида касб – жамият учун керакли касб. Аммо маош тўланмайдиган касб. Лекин, дейлик, спортчилар спорт билан шуғулланаётгани учун маош олиб туришади-ку! Нега ёзувчиликда бундай эмас? Гапнинг қисқаси, даромад келтириб турган ишини четга суриб, ижод билан шуғулланишга журъат қилиш ҳазилакам гап эмас.
– Бир суҳбатда ўқигандим: бугун йирик-йирик компанияларни бошқараётган, янги қурилмалар ихтиро қилаётган аксар раҳбар ва муҳандислар болалигида кўп, жуда кўп эртак, ривоят, афсона китобларини ўқиган, бола дунёсида уларнинг сувратини чизиб, улғайганида реал ҳаётда синаб кўрган экан. Натижасини бутун дунё кўриб турибди ҳозир. Бугунги шошқин, техникалашаётган замонда болаларимизни кўпроқ эртак-ривоят билан улғайтириш ўрнига улардан қочмаяпмизми? Асосан телевизор ва интернетга суянаётганимиз бадали оғир бўлмасмикан?
– Болалар адабиёти деганда фақат босма нашрларни тушунмаслигимиз керак. Яхши мультфильм ҳам болалар адабиётининг меваси, асли. Афсуски, бизда бу соҳа ҳам жуда ортда қолиб кетган. Болалар драматурглари, ссенаристлари деярли йўқ. Айтмоқчиманки, телевизор ҳам, агар сифатли контенти бўлса, жуда ёмон нарса эмас. Бироқ болаларни енгил-елпи, вақтни беҳуда сарфловчи компьютер ўйинлари, YouTube’даги видеоблоглар билан банд қилиб қўяётганимиз жуда ёмон. Бунинг оқибати вой!
Менимча, ҳали яна китобга қайтамиз. Жуда қайтвормасак ҳам китобхонлик бугунгидан ўсишига ишонаман. Бунинг учун вақт керак. Шунчаки ҳозир гаджетларга боғланиб ўсаётган авлоднинг ҳақиқий қиёфасини, эришган натижасини кўришимиз керак бўлади, холос. Мана кўрасиз, ўшанда инсоният адашганини ҳис қилади. Яна мутолаага қайтади. Зеро, мутолаа – фикр дояси, ғоялар муаллифи.
– Икки-уч йилдан бери «Ёш китобхон» деган танлов ўтказилади. Аввалига шов-шув кўтарган, ҳаммани ҳаяжонга солган танлов чўғи йилдан йилга негадир пасаяётгандек. Ўртадаги улов илинжида болаларимиз китобларни завқланиб эмас, мисоли темиртандек – танлов шартларидан ўтиб олиш учунгина ўқиётганини ҳам яширмайлик. Болаларни ҳақиқий китобхонга айлантиришнинг бошқа мақбул йўллари йўқмикан?
– «Ёш китобхон» танловини китобхонликни ривожлантиришдаги энг самарали лойиҳалардан бири деб биламан. Уловга қизиқиб бўлса-да, болаларнинг китоб ўқий бошлашганига кўп гувоҳ бўлдим. Бироқ китоб тарғиботи учун бошқа воситаларимиз ҳам бўлиши керак. Мен йирик телеграм каналларини биламан, китоб рекламаси учун катта чегирмалар қилиб беришади. Яъни улар тарғибот учун ўз ҳиссасини қўшгиси келади. Ҳар соҳанинг етакчи вакиллари мана шундай ўйласа, китобхонликни ривожлантириш мумкин.
Китоб тарғиботида аскиябозлик қилмаслик керак. Айтишадики: «Агар Орол денгизини қутқариб қолиш учун ташкил этилган анжуманларда ичилган сувини қуйсак, денгиз аллақачон тўларди»... Гўзал киноя! Ҳақиқати ҳам йўқ эмас! Китоб тарғиботи учун кўплаб акциялар, анжуманлар, кўргазмалар ташкил қилиняпти. Бундан ташқари турли масъул ташкилотларга китоб нашри, маънавият тарғиботи учун миллиардлаб пул бериляпти. Пул-ку ишлатиляпти, лекин натижасини кўрмаяпмиз. Баъзан ўйлаб қоламан, бу ташаббуслар фақат айрим доираларнинг манфаати учунгина эмасмикан, деб.
– Болаларга китоб ёзиш керак, деганда кўпчиликнинг кўз олдига лоп этиб, дидактика келади. Лекин панд-насиҳат бўртмаган, яхши ва ёмон очиқ-ошкора, ўртадаги ҳолвадек аниқ кўрсатилмаган асарсиз ҳам болани тўғри йўлга бошлаш мумкин-ку, тўғрими?
– Фикрингиз тўғри. Қуруқ панд-насиҳат болани бездиради. Чинакам бадиий асар хулоса ва ғояни бевосита, боланинг оғзига чайнаб солиш йўлидан бормайди. Дейлик, болага, «ҳалол бўл, тўғри бўл», дейишдан осони йўқ. Лекин бир бадиий қаҳрамонни ҳаётнинг турли чиғириқларидан ўтказиб, уни пишириб, етилтириб воқеликнинг энг кулминацион нуқтасида ҳалоллик ва тўғриликни англаганини ифодалай олсангиз, бунинг ўқувчига таъсири минг чандон кучли бўлади. Болалар адабиёти деганда дидактикани тушунаётгани учун омма айбдор эмас. Шунчаки дидактикани ёзиш осон. Шунинг учун китоб расталари бундай асарлар билан тўлиб кетган. Ва янглиш тасаввурлар шунинг оқибатидир.
– Фикрингизни шу ерда тўхтатмай-да, кейинги нуқтага уласам: болалар адабиёти ҳар қандай тўқима образни кўтараверади, деган қарашга унча қўшилмайман. Боланинг хассос олами, фитрати истаган гап, тасвир, воқеани кўтаролмаслиги аниқ. Болалар учун ёзаётганда нималарга эътибор бериш керак?
– Тўқима образлар ҳақида гап кетганда айтиб ўтсам, менимча, аксар эртаклар бугунги кун боласининг дунёқараши, бадиий дидига мос эмаслигини тан олишимиз керак. Эртаклардаги ғайритабиий, фантастик воқеалар болаларни ҳайратга солмай қўйди. Учар гилам, учар тулпор, учар супурги каби эртак мотивлари билан болани жалб этиш қийин. Ҳайратланмас, завқланмас экан, эртак бериши мумкин бўлган бошқа тарбиявий-маънавий мазмунни ҳам ҳис қилмайди. Қолаверса, эртаклардаги бир ҳол шахсан менга ёқмайди. Уларда бой хасис ва жоҳил, деҳқон ва ҳунарманд қашшоқ, оқкўнгил, содда инсон сифатида тасвирланган. Бундай ўзгармас характерли қаҳрамонлар эртакларда жуда кўп. Бу болаларда янглиш тасаввурлар уйғотиши мумкин.
Болаларга ёзаётган одам «Капалак эффекти» ҳақида билиши керак. Айниқса, болалар ёзувчиси ўқувчисининг беғубор, ҳимоясиз миясига уруғ қадаётганини ёдда тутиши лозим. Биргина ножўя ҳаракат, бузуқ образ боланинг оламида узоқ йиллар қолиши, унинг кейинги ўй-хаёллари, хулосалари билан доимий, ассоциатив боғлиқликда яшаши мумкин!
Бундан ташқари, ёзувчи адабий асар, унинг табиати ҳақида муайян назарий билимларни эгаллаши зарур. Масалан, мен кўпроқ илмий-фантастика жанрида ижод қиламан. Шундай экан, бир-бирига яқин саналувчи фентези, фантастика, илмий-фантастика жанрларини ўзаро фарқлаб олишим лозим. Илмий-фантастикада ҳам фентези ёки фантастикадаги каби реалликка тўғри келмайдиган воқеалар тасвирланади. Бироқ бунда тасвирланаётган воқелик физика ва бошқа аниқ-табиий фанларнинг фундаментал қонуниятлари чегарасидан чиқиб кетмайди. Яъни ёзувчи ўзи қаламга олаётган ғайритабиий ҳодиса учун илмий асос қидиради. Турли тадқиқотлар, гипотезалар, илмий фаразларга таянади. Эртаклардаги каби шунчаки сеҳргарликни қўллаш йўлидан бормайди. Агар мен буларга эътибор қилмасам, ёзган асаримнинг савияси ҳам бўлмайди.
– Болалар адабиёти муаммосининг яна бир илдизи нашриётларга бориб уланади. «Ижодкор билан нашриёт ўртасида муносабат кўнгилдагидек эмас», деганди раҳматли Х.Тўхтабоев. «Бу масаланинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, болалар адабиёти вакиллари тегишли нашриётлар билан ҳамкорликни етарлича йўлга қўя олмаяптилар. Бу ерда нашр этилиши керак бўлган китобнинг сарф-харажатлари, ҳомийлик масаласи, кейин муҳаррирларнинг саралашдаги савияси каби бир қанча муаммолар кўндаланг бўлади». Қизиқ тарафи, шу муаммолар ҳамон бардавом, ҳамон диққат марказида. Ечим қачон ва қандай бўлиши ҳақида кимдир нимадир дейишга ҳам қўрқади.
– Мен бугунги кунда ноширлик ишлари билан шуғулланишни жасорат деб биламан. Тўғри, бизнес шафқатсиз, капитализмнинг фундаментал қонуниятлари билан келишиб яшашга мажбурмиз. Бироқ давлат болалар адабиётига келажак пойдевори сифатида қараши, бу соҳага инвестиция киритиши мумкин-ку. Болалар нашрлари учун ҚҚСни бекор қилиб, муаллифлар учун қўшимча қаламҳақи таъсис этилса бўлади.
Мени ташвишга солаётган нарса давлат қарамоғида бирор жўяли, замонавий даврий нашрнинг ёки нашриётнинг йўқлигидир. Ахир бошқа соҳаларга миллиардлаб пул ажратилмаяптими?! Нега болалар адабиёти ўгай бўлиб қолиши керак?! Менимча, болалар нашрлари учун узоқ истиқболни кўзлаган миллий дастур, фонд ва ихтисослашган замонавий нашриёт очилиши керак. Албатта, бу ерда холислик бўлмаса, ажратилган пул ўз ўрнида сарфланмаса, дастурдан ҳам, нашриётдан ҳам натижа чиқмаслигини унутмаслигимиз керак.
– Катталар адабиёти қатори болалар адабиётида ҳам мунаққид зарур. Китобни китобдан саралаш учун ҳам шунга муҳтожмиз. Лекин ёзилган янги асарни рисоладагидек таҳлил-танқид қиладиган, шунослар билан баҳслашадиган мутахассис, танқидчи топиш қийин бўлиб қолди. Аслида, бу жуда муҳим соҳа. Букблогерлар ҳам бу майдонни айланиб ўтишади, кўпинча. Болалар адабиётини илмий жиҳатдан ўрганиш зарурлигини қачон англаркинмиз?
– Болалар адабиётининг ривожи учун адабиётшуносларимиз ҳам четда қараб турмасликлари шарт. Ҳозирча олимларимиз бу йўналишда катта ишлар қиляпти деб айтиш қийин. Негадир, улар ҳам одатда болалар адабиётини айланиб ўтишади. Танқидчилар чоп этилган янги асарларга муносабат бериши, ютуқ ва камчиликларини ўз вақтида кўрсатиб туриши муҳим. Бундан ташқари таржимонлар ҳам замонавий жаҳон адабиёти намуналаридан кўпроқ ўгиришса, бу ўз-ўзидан миллий адабиёт ривожига таъсир қилади. Чунки яхши таржима ўқувчи оммани шакллантиришда, уларнинг эстетик дидини ўстиришда муҳим рол ўйнайди. Агар биз ўқувчи оммани кўпайтира олсак, миллий адабиётга бўлган эҳтиёж ҳам ортади.
Болалар адабиётини ривожлантиришда мактаб дарсликларининг ўрни беқиёс. Мактаб ўқиш кўникмасини шакллантирувчи, бадиий дидга сайқал берувчи энг асосий омиллардан. Афсуски, дарсликларимиз дидактик руҳдаги, бадиий-ғоявий жиҳатдан эскирган, бугунги кун болаларинг замонавий-таълимий эҳтиёжларига мос келмайдиган материаллар билан тўлиб-тошган. Айни шу каби муаммоларни бартараф этиш учун ҳозирда янги дарсликлар ёзиляпти. Шахсан мен ҳам бу жараёнда муаллиф сифатида иштирок этяпман.
Ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боряпман, сўнгги йилларда болалар учун насрда ижод қиладиган ёшлар кўпаймоқда. Ҳукумат ҳам бу соҳага жиддий эътибор қаратишни бошлаган. Яқинда мукофот пули йирик бўлган танлов ўтказилиши ҳақида эълон берилди. Менимча, бу ҳаракатларнинг бари беиз кетмайди. Биз яқин йилларда бир қанча ёш, умидли ижодкорларни кашф қилишимизга ишонаман.
Чарос Низомиддинова суҳбатлашди
Изоҳ (0)