Қорақалпоғистонда жойлашган Судочье кўлида 27 июль куни соат 15:00 ларда қамишзор ёнгани аниқланди.

«Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳолат Қорақалпоғистон Экология қўмитаси Қўнғирот туман инспекцияси ва қўриқхонанинг давлат инспекторлари томонидан жойига бориб ўрганилди.

«Ёнғин содир бўлган ерда қамиш ўсади, ёнғин кўл ўртасида содир бўлгани сабабли боришнинг иложи бўлмаган. Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра ёнғин ҳаво ҳарорати аномал даражада кескин кўтарилиб, жуда қаттиқ исиб кетиши сабабли келиб чиққанлиги тахмин қилинмоқда. Ушбу ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда», — дейилади хабарда.

2019 йилнинг июлида ҳам Судочье кўлидаги қамишзорда ёнғин чиққанди. Экология қўмитаси бунга чақмоқ сабаб бўлган деб тахмин қилганди.

«Ёнғин чақмоқдан чиққан, бошқа факт йўқ. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, кўл ичида жуда катта радиусга эга қамишзор ёняпти, қандай омил сабабли олов чиқиши мумкин? У ёққа оёқ қўёлмайсиз, қайиқ билан боролмайсиз. Қамишзорга фақат вертолёт қўниши мумкин. Биров четдан туриб, камондан оловли ўқ отмагандир?! Хуллас, сабаб — чақмоқ. Қамиш учидаги момиқ пўпанаклар жуда тез ёнади, биласизлар, учқун чиққандан сўнг шамол таъсирида олов бирданига ёйилиб кетган», — деган эди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекция бошлиғи Ўлмас Собиров.

Ушбу ёнғиндан сўнг Судочье кўллар тизими Давлат экология қўмитаси тасарруфига берилганди. 2021 йилнинг февралида эса 280 507 гектар бўлган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклидаги «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилди.