Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтаётган Олимпия ўйинларида 26 июль куни ўзбекистонлик спортчилар иштирокидаги бир қатор учрашувлар якунланди.

Коллаж: «Дарё» / Фото: Getty Images

Қиличбозликнинг сабля йўналишида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Зайнаб Дайибекова чорак финалда венгриялик Анна Мартонга қарши беллашди. Унда Дайибекова 11:15 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва ўз иштирокини якунлади.

18 ёшли Дайибекова дастлабки босқичда япониялик Аоки Чикани 15:9 ҳисобида мағлуб этди. 1/16 финалда ўзбекистонлик қиличбоз Осиё ўйинлари финалчиси хитойлик Яци Шаони 15:10 ҳисобида таслим қилди. Дайибекованинг кейинги рақиби Жанубий Корея вакили Жи Су Ён бўлди. Ушбу жангда Зайнаб 15:12 ҳисобида ғалаба қозонди.

Дзюдочи Ҳикматуллоҳ Тўраев (-73 кг) 1/8 финалда жанубий кореялик Чан Рим Анга ютқазиб қўйди (0:1) ва Олимпиададаги иштирокини якунлади. Тўраев 1/16 финалда германиялик Игорь Вандткени мағлубиятга учратганди.

Шунингдек, таэквондочи Нигора Турсунқулова учун ҳам Олимпиада расман якунланди. Агар 1/8 финалда Нигорани мағлуб этган Менгю Чжан финалга чиқа олганида, ўзбекистонлик спортчи бронза учун жанг қилиши мумкин эди. Бироқ хитойлик таэквондочи чорак финалда ютқазиб қўйди.