Фарғонада мактаб имтиҳонлари қуёш тиғи остида ўтказилаётгани танқид остига олингани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова хабарнинг Facebook’даги постида изоҳ қолдирди.

Фото: Telegram / Исроил Тиллабоев

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 майдаги 7-сонли мажлис баёни асосида имтиҳонлар ўтказиладиган ҳудудлар белгилаб берилган. Бунда имтиҳонни ўтказишга масъул барча ташкилотлар томонидан мазкур ҳудудларнинг видеокузатув, интернет, электр ва бошқа шу каби шарт-шароитлар билан таъминланганлиги инобатга олинган.

Шу билан бирга, мамлакатдаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда имтиҳон давомийлиги 90 дақиқадан 60 дақиқага қисқартирилган.

«2020 йили пандемия туфайли Президент мактабларига қабул ўтказилмаган эди. Бу йил пандемия шароитида қанчалик қийин бўлмасин, қатъий тартиб-қоидалар асосида очиқ ҳавода кириш имтиҳонлари ташкил этилмоқда.

Шу ўринда ҳар бир киши, жумладан, ота-оналар шахсий масъулиятини оширишга ва ижтимоий масофа сақлашга мунтазам даъват этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Cambridge Assessment ташкилотининг талаблари асосида барча шароитлар максимал даражада ташкил этилмоқда. Имтиҳонлар 2 сменада, яъни 8:00 ва 19:00 да бошланади», – дейилади изоҳда.

Бундан аввал Олмалиқ йўлида жазирамада ўтказилган ҳашар юзасидан изоҳ берилганди.

Маълумот учун, 24—26 июль кунлари Ўзбекистонга Эрон ҳудудларидан қуруқ ва иссиқ ҳаво оқимининг кириб келиши кутилаётгани тўғрисида хабар берилганди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги шу муносабат билан аҳолидан зарурат бўлмаганда кўчага чиқмасликни сўраган. «Ўзгидромет» республика ҳудудида 26 июль куни ҳам аномал иссиқ сақланиб қолишини маълум қилган.