Туркманистон Вазирлар Маҳкамасининг 23 июль кунги мажлисида бош вазирнинг илм-фан ва таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт бўйича ўринбосари Мамметмират Гелдиниязов Миллий Кенгаш (парламент) аъзолари учун қисқа муддатли курслар ташкиллаштирилиши ҳақида маълум қилди, деб ёзади «Хроника Туркменистана».
Қисқа муддатли курслар Туркманистон президенти ҳузуридаги Давлат хизмати академиясида ташкиллаштирилади, улар давлат буюртмаси асосида бўлиб, Миллий Кенгаш аъзоларининг малакасини ошириш учун мўлжалланган.
Мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедов давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ даражасини ошириш муҳимлигини қайд этди, «улар туркман халқининг маънавий қадриятларига, шу жумладан, ўзаро ҳурмат анъаналарига риоя қилган ҳолда, хизмат хулқининг барча меъёрларига амал қилиши керак».
«Ҳар бир хизматчи ўзида ватанпарварлик, ҳалоллик ва масъулият каби фазилатларни тарбиялаган ҳолда, ўрнак кўрсатиши керак», — деди давлат раҳбари.
Май ойида Бердимуҳамедов Халқ Маслаҳати аъзолари ва Мажлис депутатларининг барчасини Давлат хизмати академиясида ўқитиб, уларни бўлғуси фаолиятлари билан таништиришни топширган эди.
Аввалроқ Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўз ўғли Сердар Бердимуҳамедовни бош вазирнинг молия ва иқтисодиёт бўйича ўринбосари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.
Изоҳ (0)