Токио—2020 Олимпиадасининг 25 июль кунги бир қатор мусобақалари бўлиб ўтди.

Академик эшкак эшиш бўйича Шаҳбоз Холмирзаев ва Собир Сафаралиев жуфтлиги ўтиш босқичида ҳам тўртинчи натижани қайд этди. Эндиликда улар 13—18 ўринлар учун кураш олиб боради.

Фото: Getty Images

Таэквондо бўйича -68 кг вазн тоифаси вакили Улуғбек Рашидов дастлабки босқичда малилик Сейду Мофанани 38:17 ҳисобида мағлуб этиб, 1/8 финалга йўл олди. Ўзбекистон спортчи чорак финал йўлланмаси учун 3 карра жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинларининг 2 карра совриндори жанубий кореялик Ли Де Ҳунга қарши даянга чиқди. Дастлабки раундда имкониятни бой берган Рашидов 2 ва 3-раундларда устунлик қилди. Асосий вақт 19:19 ҳисобида якунланди. Баҳс тақдирини ҳал қилган «Олтин зарба»да Рашидов 2 очко қўлга киритиб, чорак финалга йўл олди. Рашидов 1/4 финалда эронлик Мирҳошим Ҳуссаинига қарши жанг қилади.

Фото: Getty Images

Боксчи Турсуной Раҳимова (-51 кг) 1/16 финалда польшалик Сандра Драбикка қарши жанг қилди ва ғалабага эришди. Шу тариқа Раҳимова Олимпия ўйинларида ғалабага эришган ўзбекистонлик илк аёл боксчига айланди. Унинг кейинги босқичдаги рақиби туркиялик Бусе Наз Чакироўғлу бўлади.

Дзюдо бўйича -52 кг вазн тоифасида ҳаракат қилган Диёра Келдиёрова мўғулистонлик Сосербарам Лхагвасуренга қарши тўқнаш келди ва мағлубиятга учради. Сардор Нуриллаев (-66 кг) 1/16 финалда Молдова вакили Денис Виеруга қарши кураш олиб борди. Унда ўзбекистонлик спортчи жароҳат сабаб жангни давом эттира олмади ва Олимпиададаги юришини тўхтатди.