Эроннинг сайланган президенти Иброҳим Раисий инаугурациясини кутмасдан мамлакатда тартибни тиклашга қарор қилди. Шу билан бирга, у хатолар учун амалдаги маъмуриятни айблаш имкониятини қўлдан чиқармади. Эроннинг Хузистон вилоятидаги норозилик намойишлари туфайли амалдаги президент Ҳасан Руҳоний даврининг сўнгги ҳафталари оғир кечмоқда. Намойишчилар орасида ҳам, полициячилар орасида ҳам ҳалок бўлган ва яраланганлар ҳақида хабарлар бор. Тартибсизликларга ичимлик суви етишмаслиги сабаб бўлган.

Фото: Reuters

«Хузистонда сув йўқ» ва «Хузистон қонга ботди» ҳештеглари интернетнинг форс тилидаги сегментида оммалашди. Бир ҳафтадан буён мамлакатнинг жануби-ғарбий вилояти Хузистонда намойишлар тўхтамаяпти. Бунга ичимлик сувининг етишмаслиги сабаб бўлган. 50 йил ичидаги энг ёмон қурғоқчилик туфайли бу йил азалий инфратузилма муаммолари ҳам янада оғирлашди.

Намойишларда жароҳат олганларнинг аниқ сони номаълум. NetBlocks халқаро кузатув сервиси Хузистондаги норозилик намойишларининг бошланиши билан бир вақтга тўғри келган интернет узилишлари ҳақида хабар бермоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари беш намойишчининг ўлдирилгани ҳақида гапирмоқда. Эрон ҳукуматининг оммавий ахборот воситаларида камида уч нафар тинч фуқаро ва бир нафар полициячи ҳалок бўлгани хусусида хабарлар тарқалган.

Шу билан бирга, ушбу ОАВларда тинч аҳолининг ўлимига полициячилар эмас, балки террорчилар айбдор экани, полициячилар намойишчиларга ўта ҳурмат билан муносабатда бўлаётгани ҳақида очиқ қайдлар мавжуд.

Хусусан, «Аҳвазни озод қилиш учун араблар ҳаракати» ўлимлар учун жавобгарлар қаторига киритилган. Узоқ йиллар давомида ушбу айирмачи гуруҳ Хузистоннинг Эрондан ажратилишини тарғиб қилиб, вилоятда жуда кўп сонли араб аҳолиси борлигини таъкидлаб келади. Айнан Хузистон 1980 йилларда Эрон ва Ироқ ўртасидаги саккиз йиллик урушнинг сабабчиларидан бирига айланганди. Энди Эроннинг ижтимоий тармоқларида аҳолининг азобланиши акс этган суратлар пайдо бўлди — суратларда аҳоли гоҳ ироқлик аскарлар, гоҳ ўз хавфсизлик кучлари томонидан нишонга олинаётганини кўриш мумкин. Шу билан бирга, расмий ОАВ ижтимоий тармоқлардаги «манипуляция»га ишонмасликка чақирмоқда. «Аҳоли бақириш ҳуқуқига эга, аммо уларнинг қичқириғидан фойдаланилмоқда», — дейилади Fars News веб-сайтида.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 22 июль куни норозилик билдириш ҳуқуқи ҳақида эълон қилди. «Эллик даража иссиқ ва сув етишмаслиги шароитида яшовчи одамлар норозилик билдириб чиқиш ҳуқуқига эга. Қонун доирасидаги танқидлар эътирозларни келтириб чиқармайди», — деди у ва Хузистон халқини «нотўғри шиорлар айтаётганлардан» фарқлаб олиш кераклигини таъкидлади.

Ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра, Хузистон ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳукуматни ҳамда мавжуд тизимни ағдаришга чақириқлар бўлган. Руҳоний Эроннинг биринчи вице-президенти Исхак Жаҳонгирийга Хузистонга боришни ва вилоятдаги вазиятни шахсан ўрганишни буюрган.

Бироқ Эронда ҳозирги маъмуриятнинг вазиятни ўнглай олишига ишонадиганлар жуда кам. 5 август куни мамлакатнинг янги президенти Иброҳим Раисийнинг инаугурацияси бўлиб ўтади. Консерваторлардан бўлган Раисий июнь ойида деярли рақобатсиз ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонди. Сўнгги ойларда консерваторлар амалдаги маъмуриятни обрўсизлантириш учун қўлларидан келган барча ишни қилди.

Аслида, саккиз йил давом этган Ҳасан Руҳоний президентлигининг охири ташқи ёрдамсиз ҳам аянчли кўринади.

Мамлакат коронавирус пандемияси фонида янада кучайган мисли кўрилмас иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Сайловдан сўнг дарҳол бутун мамлакат бўйлаб нефтчилар оммавий иш ташлашни бошлади. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, намойишларда 60 га яқин корхонанинг ишчилари қатнашган. Улар доимий шартномалар тузишни, энг кам иш ҳақини 400 еврогача оширишни ва иш жадвалини ўзгартиришни талаб қилган. Президент Руҳоний ушбу муаммоларни ҳал қилишга ваъда бериб улгурмасидан, Хузистонда намойишлар алангалаб кетди.

Ушбу фонда янги сайланган президент Иброҳим Раисий инаугурацияни кутиб ўтирмади ва долзарб масалаларни ҳал қилишга бағишланган бир қатор учрашувларни бошлади. 22 июль куни Хузистон муаммоларига бағишланган шундай учрашувлардан бири ўтказилди. «Вақтни беҳуда ўтказмаслик учун» Раисий махсус кенгаш тузишни таклиф қилди. Ушбу кенгаш вилоятни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиши ва янги ҳукумат иш бошлаши биланоқ унга кўриб чиқиш учун таклиф қилиши керак бўлади. Хусусан, гап вилоят даромадларини қайта тақсимлаш, вилоятдаги етакчи лавозимларга маҳаллий кадрларни жалб қилиш, шунингдек, шўр ювиш заводларига маблағ ажратиш ва умуман гидроэнергетикани ривожлантириш ҳақида бормоқда. Шу билан бирга, Раисий шу пайтгача мамлакатнинг баъзи бошқа минтақалари сингари Хузистонга ҳам етарлича эътибор берилмаганини таъкидлаб, президент Ҳасан Руҳоний бошчилигида истеъфога чиқаётган маъмурият хатоларини тилга олиб ўтди.

Хузистон муаммоси бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Қизиғи шундаки, бу вилоят Эроннинг марвариди бўлиб, қишлоқ хўжалиги ривожланган, нефть ва газга бой минтақа. Аммо одамларда улар ишлаб жамғарган вилоят бюджетининг ҳаммаси бир неча йиллардан буён четга ташиб кетиляпти, деган фикр мавжуд», — дейди Эрондаги вазиятга баҳо бериш вақтида Россия таҳлил маркази мутахассиси Юлия Свешникова.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, Иброҳим Раисийнинг ҳокимият расмий равишда ўз қўлига ўтишини кутмасликка қарор қилгани табиий. «Президент Руҳоний аллақачон ҳисобдан чиқарилган. Ҳамма эътибор янги маъмуриятга қаратилган. Консерваторларнинг президентлик кампанияси шуни даъво қилгандики, Руҳоний халқаро ҳамжамият билан ядровий келишувга эътибор қаратган ва шу орқали Эрон муаммоларини деярли автоматик ҳал қилиш мумкин деган фикрда президентлик вазифасини бажармаган. Охир-оқибат келишув бузилди ва мамлакатда вазият яхшиланмади. Эронликлар гап президентнинг шахсида эмас, балки ҳукумат тузумида эканини тушунишини ҳисобга олсак, янги маъмурият нимани ўзгартира олади, деган савол туғилади», — деди Свешникова.

Бу орада Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) Хузистон муаммоларини мамлакатдаги энг самарали тузилма сифатида ҳал қилишни бошлади. ИИМК томонидан бошқа ҳудудлардан юборилган дастлабки иккита сув ташувчи транспорт колоннаси вилоятга етиб келган.

ИИМКнинг камбағалларни таъминлаш бўйича ҳудудий штаб-квартираси ҳам аҳолига ёрдам кўрсатиши кутилмоқда. Вилоят губернатори Қосим Сулаймоний-Даштаки вилоятдаги сув таъминоти муаммоларини бир йил ичида тўлиқ ҳал қилишга сўз берди. Аммо, эҳтимол унга бундай қилишнинг кераги бўлмас. Сабаби Эроннинг сайланган президенти Иброҳим Раисий Хузистон учун «махсус губернатор» тайинлашни ваъда қилган.