Наманган шаҳрида 25 июль куни, тахминан, соат 07:00—08:00 атрофида Шимолий Фарғона каналида оқиб кетаётган аёл қутқариб қолинган. Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, аёл Наманган вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Шавкат Содиқов томонидан қутқариб қолинган.

«Эрталаб ишга кетаётсам, ўт ўчириш қисми олдида, канал кўприги яқинида тумонат одам тўпланиб турибди. Йўл ҳодисаси бўлдимикан, деб ўйлаб уларга яқинлашдим. Қарасам, каналда бир аёл оқиб кетяпти. Ҳеч нарсани ўйламай ўзимни сувга отдим ва уни олиб чиқдим», — дейди подполковник.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборотига кўра, Шимолий Фарғона каналининг Наманган шаҳар Косонсой кўчаси олдидан ўтган қисмида бир аёл оқиб кетаётгани ҳақидаги хабар 25 июль куни соат 07:55 да келиб тушган. ФВВ ахборотида таъкидланишича, воқеа жойига етиб борган қутқарувчилар аёлни Наманган вилоят ИИБ ЙҲХБ ходими билан биргаликда қутқариб олган.

Сувда оқиб кетаётган аёл асли Янги Наманган туманидан, 2005 йилдан буён руҳий касаллик билан оғриб, даволаниб келади. Дастлабки маълумотларга кўра, у тушкунлик сабаб жонига қасд қилиш мақсадида ўзини сувга ташлаган. ФВВ маълумотига кўра, у қутқарувчилар томонидан шифохонага етказилган; Наманган вилоят ИИБнинг маълум қилишича, «ҳозирда аёлнинг саломатлиги яхши».

Подполковник Шавкат Содиқов.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов шу куниёқ подполковник Шавкат Содиқов билан учрашган. «Раҳмат сизга, сиздек мард ўғлонлар кўпайсин! Раҳбар бўлиб, ўзингиз шахсий намуна кўрсатибсиз», — дея ҳокимнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда ҳокимлик матбуот хизмати. Учрашувда ҳоким қаҳрамон ходимга қимматбаҳо совға топширган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этишларича, ҳозирда ҳолат юзасидан ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

Аввалроқ, 24 июль куни Тошкент шаҳрида Анҳор каналида чўкаётган она-бола Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиси томонидан қутқариб қолингани ҳақида хабар берилган эди.