Ўзбекистонда ўз ходимларининг эмланишини етарлича таъминлаган ошхона, кафе, ресторанларга чекланган муддатдан ташқари ишлашларига рухсат берилиши мумкин. Бу ҳақда Коронавирусга қарши курашиш штаб аъзоси Ботир Қурбонов «Ўзбекистон 24» телеканали орқали жонли эфирдаги чиқишида маълум қилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қурбоновнинг сўзларига кўра, Республика махсус комиссиясининг йиғилишида аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари суръатини ошириш ишларини рағбатлантириш ҳамда қўшимча имтиёзлар бериш тўғрисида таклифлар киритилиши кўрсатиб ўтилган.

Унга кўра, карантин чораларини ўз жамоасида тўлақонли таъминлаган, ўз ходимларига эмлаш жараёнларини самарали ташкил этган ташкилотлар ижобий тажрибасини оммалаштириш белгилаб берилган. Шу билан бирга, ходимларининг эмланишини етарлича таъминлаган ошхона, ресторан, кафе, тунги клуб ва бошқа бир қатор аҳолига хизмат кўрсатиш объектларини чекланган муддатдан ташқари вақтларда ҳам ишлашга рухсат бериш амалиёти жорий этилиши мумкин. Бу дегани, агар жамоаси тўлиқ эмланган бўлса, соат 20:00 дан кейин ҳам бироз муддатга узайтириш мумкин бўлади.

Шунингдек, ўз вақтида ихтиёрий равишда эмланган ходимларни иш берувчи томонидан рағбатлантириш, эмланишни асоссиз равишда рад этган ходимларни эса меҳнат қонунчилигида кўрсатилган тартибда чораларни, яъни ишдан вақтинча четлатиб туриш бўйича тавсиялар бериб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2021 йилнинг 28 июнидан республика бўйича кўнгилочар объектлар — ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари — кафе, ошхона ва чойхоналарнинг ишлашига соат 08:00 дан 20:00 гача рухсат берилган эди.

Ушбу чекловларга қўшимча киритилди ва 20 июлдан бошлаб умумий овқатланиш объектлари — ресторан, кафе, ошхона ва чойхоналарни соат 08:00 дан 20:00 гача фақатгина очиқ ҳавода ишлашига рухсат берилиши белгиланди.

Маълумот учун, 22 июль ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирусга қарши қўлланилган вакциналар сони 6 миллион дозага яқинлашган.