Ҳукуматнинг «Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластеридаги Фармацевтика техник университетининг фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага эълон қилинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар қилди.
Унга кўра, Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерида Фармацевтика техник университети ташкил этилади.
Унинг фаолиятини мувофиқлаштириш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.
Қайд этилишича, олийгоҳда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқариш, фармацевтика, биотехнология, тиббиёт, косметология, менежмент, бизнес бошқариш ва бошқа тармоқларда халқаро таълим стандартларига мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш кўзда тутилган.
Таъкидланишича, 2022/2023-ўқув йилида талабаларни ўқишга қабул қилиш ва ўқув жараёнини бошлаш учун университет кластер ҳудудидаги янги қурилаётган Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти биносида вақтинча жойлашади.
Бундан аввал Россия тиббиёт университетининг Тошкент филиали очилиши, Жиззахда Ҳиндистоннинг Самбҳрам университети ташкил этилгани ҳамда Янги Ўзбекистон университетининг контракт нархи қарийб 50 миллион сўм бўлиши ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)