Июль ойи ўрталарида Европанинг бир қатор шаҳарларида кучли ёғингарчиликлар кузатилди. Германия айниқса кўп жабр кўрди: тошқинлар сабаб 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, яна ўнлаб одамлар ҳамон бедарак йўқолганлар рўйхатида. Германияда истиқомат қилувчи журналист Ирина Чевтаева Шимолий Рейн-Вестфалия ери (энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири)даги битта шаҳар мисолида Германия сув тошқини оқибатларини қандай бартараф этаётгани ҳақида Meduza’га репортаж тайёрлади.

Бад-Мюнстерайфель шаҳри, 2021 йил 16 июль.

Фото: AFP / Meduza

Пенсионер Рольф Кесер 14 июль оқшомида телевизор кўриб ўтирганди. Ташқарида ёмғир ёғар, ёғингарчиликнинг шовқини борган сари кучайиб борарди. Кесер бунга ҳеч эътибор бермасди — рафиқаси деразага қараб: «Бизнинг машинамиз оқиб кетаяпти, шекилли», демаганида.

Эр-хотин иккинчи қаватда эди. Рольф ертўлани сув босган-босмаганини текшириш учун пастга тушмоқчи бўлади. Аммо аллақачон биринчи қават сувга тўлиб бўлган, сув кўтарилишда давом этарди. «Биз кечаси билан ухлаганимиз йўқ, нима қиларимизни билмай, шу манзарани томоша қилиб чиқдик», — дейди у.

Рольф Кесер Кёльн яқинидаги Бад-Мюнстерайфель курорт-шаҳарчасида яшайди (Шимолий Рейн-Вестфалия еридаги бу шаҳарчада тахминан 20 минг киши истиқомат қилади). Унинг уйи шундоққина Эрфт дарёси бўйида жойлашган. Атрофи тепаликлар билан ўралган пастлик бўлгани учун ҳам айнан шу жой тошқиндан энг кўп жабр кўрган.

Шаҳарнинг юқоридан кўриниши, 16 июль.

Фото: AFP / Meduza

Рольф Кесер.

Фото: Ирина Чевтаева / Meduza

Кесернинг сўзларига кўра, унинг уйида сув сатҳи елкадан кўтарилган: деворларда буни тасдиқловчи қўнғир из қолган. «Мана, ҳаётимизнинг бир бўлаги», — дея, у лойқага қоришиб ётган мебеллар ва тахта уюмини кўрсатади.

Бошқа кўплаб хонадонларнинг олдида ҳам шундай уюмларни кўриш мумкин. Сув уйларнинг биринчи қаватини босган, пойдеворнинг бир қисмини ювиб кетган, асфальт ва брусчатканинг расвосини чиқарган. Шаҳарнинг бу қисмида сув ва электр таъминоти ҳамон қайта тиклангани йўқ, алоқа узилишлар билан ишлаяпти.

Ҳозир шаҳарни асосан шаҳарликларнинг ўзи тозалаяпти. Сув босган уйлардан ҳамма нарсани чиқариб ташлашяпти, буюмларни сув солинган тоғора ва контейнерларда ювишга уринишяпти. Катта ботинка кийган ва тиззаси лой ўнлаб одамлар белкуракларни тарақ-туруқлатганча шаҳар марказий майдонларидан бирини қум ва тош бўлакларидан тозалаяпти. Мармелад солинган қоғоз пакетни кўтариб олган бир ўспирин уларнинг олдига бориб: «Олинг, ширинлик ейсизми?», деб сўраб юрибди. Кимдир унинг пакетидан ширинлик оляпти, бошқалар эса жиддий қиёфа билан унинг ёнидан ўтиб кетяпти.

«Ақлга сиғмайди. Мен гўёки даҳшатли фильмга тушиб қолгандекман. Шаҳринг мана шундай вайронага айланиб қолишини кўриш оғир», — дейди талаба Дениз. У ҳам Эрфт бўйида, XVII асрда қурилган уйда яшайди: «Менинг квартирам иккинчи қаватда, сув у ергача чиққани йўқ, бироқ биринчи қаватдаги дўконни шунчаки ювиб кетди».

Дениз ҳам, бошқа кўпчилик каби, кучли ёмғир ва сув тўпланишига кўп аҳамият бермаган: «Бундай воқеалар бўлиб турарди, озгина сув босарди, бу ерда бу каби ҳолат одатий ҳол». Бироқ кейин уйи ёнидан катта қутилар, шкафлар, дарахт шохлари сузиб ўтаётганини кўрган.

«Сув икки томондан сиқиб келарди, мен оилам ва дўстларимдан тўлиқ узилиб қолдим ва уйдан чиқиб кетишга имконсиз эдим. Бу вақтда баъзилар қўшниларига ёрдам беришга ҳаракат қилганидан хабарим бор. Тонгда, сув камайгач, нималар вайрон бўлганини кўрдик. Умуман олганда, ҳамма нарса вайрон бўлганди», — деб тасвирлайди талаба қиз. Ҳозир у онаси Наталининг уйида яшаяпти — уларнинг уйи тепаликда жойлашган, у ерда электр бор.

Хотин-қизлар шаҳар марказига чиқиб, Денизнинг квартираси остидаги ичи лойга тўлган дўконни тозалашга ёрдам бермоқда. «Ёмғир ёғиши ҳақида огоҳлантиришганди. Лекин бунчалик тошқин бўлиб кетишини ҳеч ким кутмаганди», — дейди Натали. Унинг оқ футболкаси ва джинси шимида аллақачон лой излари бор, қўлига катта қўлқоп кийиб олган.

Унинг дугонаси Уте ҳам шу ерда. «Кечки маҳал, ишдан қайтаётганимдаёқ сув кўп эди, лекин яна шунча сув қўшилиши мумкинлигини ўйламагандим! Мен 15 июль куни тонгда уйғониб, нима бўлаётганини умуман тушунмадим. Алоқа йўқ, шаҳарга чиқдим. Аввалига яқинларимизга тириклигимизни билдириш, кейин қўшниларга ёрдам бериш керак эди. Ҳозир ҳар қандай ёрдам зарур», — дейди Уте.

Аёллар кўча ўртасида туришарди. Натали ҳикоясини давом эттирмоқчи ҳам эдики, бурчакдан қора футболка кийган бир эркак югуриб чиқиб: «Буёғда тўғридаги бир уй ёняпти!», деб бақириб қолди.

Дениз.

Фото: Ирина Чевтаева / Meduza

«Жин урсин, жин урсин, жин урсин. Унда ҳаммаси портлаб кетади-ку! Газни ўчириш керакмикин, билмадим, бу ердан кетиш керак», — деди Натали.

Улар Уте билан кўча бўйлаб кетишяпти. Мебелларини ташқарига олиб чиқиб, уйини тозалаётган ҳаммага: «Биз ҳозир эшитдик, уй ёнаётган экан», деб, огоҳлантириб кетишяпти.

«Кетиш керакми?», — деб сўрайди қурилиш формасидаги эркак, қўлидаги белкуракни бир чеккага қўйиб. У бир неча киши билан меҳмонхона полини лойқадан тозалаётган эди.

«Билмадик. Уй ёнаётгани ҳақида хабар бериш учун келдик», — деб жавоб беради Натали.

Одамлар йўлга чиқиб, ўт ўчириш машиналари турган эски шаҳар дарвозалари томон шошилмай ҳаракатлана бошлади. «Бугун жуда офтоб чарақлаган кун бўлди, шунинг учун ёниб кетган», — деб оломон ичида кимдир ҳазил қилди. Натали ва Уте ҳам кулди.

Кейин кимдир тасдиқлади: уй ростдан ҳам ёнаётган экан, ундан тутун кўтариляпти, сигнализация ҳам ишлаб кетган. Одамлар энди тезроқ юра бошлади. Натали у билан ёнма-ён кетаётган ҳамшаҳарларидан бирига гап ташлайди: «Бу кишим буёқда камига чекяптилар ҳам», ва яна Уте билан бирга кулади. Орадан ярим соат ўтиб, ишга қайтиш мумкинлиги маълум қилинди: уйдаги олов ўчирилган, ортиқ тутамаяпти.

Meduza билан суҳбатлашганларнинг бирортаси тошқин куни на полициячилар, на ўт ўчирувчилар ва на қутқарувчиларни кўрганини айтди. Уларнинг сўзларига кўра, махсус кучлар тошқиннинг эртасига, сув ортга қайтишни бошлаган вақтда келган.

Айни вақтда, шаҳар мери Занибе Прайзер-Марион Meduza мухбири билан суҳбатда қутқарув хизматлари дарҳол воқеа жойига етиб келганини, бироқ «яхшироқ ишлашга шунчаки имкон бўлмагани»ни таъкидлади. Шаҳар расмийлари кийим-бош, сув ва егулик олиш мумкин бўлган ёрдам шохобчаларини очган. Худди шу шохобчаларда душга кириб-чиқиш, ухлаб ҳордиқ чиқариб олиш ёки болаларни тарбиячиларга қолдириш мумкин. «Одамлар жуда катта бирдамлик кўрсатишяпти, мен бунақасини шу вақтгача кўрмагандим», — дея алоҳида қайд этди Прайзер-Марион.

Шаҳарга ёрдам кўрсатиш ниятида бутун Германиядан кўнгиллилар келган, бироқ, маҳаллий аҳоли сўзларига кўра, келганлар орасида талончи ва бекорчилар ҳам йўқ эмас. «Одамлар бизга ёрдам бериш учун келаётганликларидан жуда хурсандмиз, бундайлар жуда кўп. Лекин бу ерга шунчаки кўнгилхушлик учун келганларни чеккага чиқиб туришларини хоҳлардик», — дейди Натали.

Унга Рольф Кесер қўшимча қилади: «Тунда одамлар фонарча кўтариб олиб, вайрон бўлган уй ва дўконларни айланяпти. Олса арзигулик нарсаларни қидириб юришибди, мен ўзим мана шу йўлнинг нариги тарафида кўрдим шундайларни. Лекин полиция бундай ҳолатларни бартараф этяпти».

Кесер шаҳар мулозимларининг хатти-ҳаракатларидан кескин норози: «Шаҳар мэри интервьюларда курорт-шаҳар худди бомбардимон қилинган жойга ўхшаб қолгани ҳақида айтяпти. Ростдан ҳам шундай, лекин мен уни (мэрни) бу ерда кўрганим йўқ. Ваҳоланки, у аҳоли билан гаплашиши, бир-икки оғиз юпанч сўзларини айтиши, пастга тушиши мумкин эди. Биз давлатдан шартсиз кўмак олишни, ёрдам тезда ва ортиқча бюрократиясиз тақдим этилиши ҳақида эшитишни истардим. Ҳозирча бу ишлар бўлаётгани йўқ».

Маҳаллий аҳоли шаҳарни тозаламоқда, 16 июль.

Фото: AFP / Meduza

Шаҳар раҳбари Meduza мухбири билан суҳбатда шаҳарнинг қуйи қисмида бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилганини, бироқ ҳозир имкон қадар кўпроқ вақтни тепаликдаги инқироз марказида ўтказишга ҳаракат қилаётганини айтди, боиси у ерда мобил алоқа бор. Аҳоли қандай ёрдам, компенсация олиши мумкин деган саволга мер жавоб бера олмади, унинг таъкидлашича, бу масала билан шаҳар маъмурияти эмас, балки ҳудудий ва федерал ҳукумат шуғулланиши керак.

Германия ҳукумати шаҳарларни қайта тиклаш ва аҳолига компенсация тўлаш учун қанча пул ажратиш ҳақида ҳали ўйлаяпти — вайронгарчиликлар кўлами ва етказилган зарар ҳажми ҳали ноаниқ. Лекин бир нарса ҳозирдан аниқ — бу сўнгги ўн йилликдаги энг йирик сув тошқинлари бўлди.

Одамларга полиция, ўт ўчирувчилар, армия ва кўнгиллилар ёрдам кўрсатмоқда. Волонтёрлик ташкилотлари ҳам, аҳолининг ўзи ҳам тошқинда қолган ҳудудлар учун пул, шунингдек, кийим-кечак, егулик ва биринчи эҳтиёж воситаларини тўплаяпти. Кўпчилик сув остида қолган ҳудудлардан кўчирилган аҳолини ўз уйида жойлаштиришга тайёрлигини билдирмоқда, меҳмонхоналар ҳам жабрланувчилар учун бепул хоналар таклиф қиляпти.

Бад-Мюнстерайфелда сув тошқинлари оқибатида беш киши, бутун Германия бўйича эса 150 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, яна ўнлаб аҳоли бедарак йўқолган. Шаҳар аҳолиси бир нарсани очиқ тан оляпти: курорт ҳозир «худди урушдан кейинги аҳвол»дагидек кўринса-да, бошқалар билан таққослаганда, эҳтимол, унчалик ҳам жиддий зиён кўрмаган. Масалан, Зинсигда ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган интернатда яшовчи 12 киши ҳалок бўлган. Эрфцҳтадтда эса тахминан 15 киши ҳали ҳам ўз уйларидан чиқиб кета олмаяпти ва ёрдам кутмоқда.

Фото: Sinxua / Meduza

Фото: AFP / Meduza

Эрфштадтга 17 июль куни Германия президенти Франк-Валтер Штайнмаер ва Шимолй Рейн-Вестфалия ери раҳбари, канцлерликка номзод Армин Лашет келди.

Лашет ортиқча бюрократиясиз тўғридан-тўғри ёрдам кўрсатишга ваъда берди, бироқ шундан сўнг жиддий танқид остида қолди: ижтимоий тармоқларда президент Штайнмаер одамлар «кўп нарса йўқотгани» ҳақида гапираётгани Лашет унинг ортида туриб, кулаётгани акс этган видео эълон қилинди. Канцлерликка номзод бунинг учун узр сўраб, мазкур хатти-ҳаракати «ўринсиз бўлгани»ни тан олди.

Лашет сув тошқинларини «тарихий миқёсдаги фалокат» деб атади, Германия канцлери Ангела Меркель эса жабрланувчиларга қўлидан келган барча ёрдамни кўрсатишга ваъда берди (Меркель 18 июль куни тошқин остида қолган ҳудудлардан бирига ташриф буюришни режалаштираётган эди).

«Табиат бизга жиддий зарба берди ва сиёсатчилар бу муаммони кўриб, уни ҳал қилаётганликларини ҳис қилиш биз учун муҳим. Ҳозирча мен буни ҳис қилаётганим йўқ», — дея таъкидлади Рольф Кесер.

Ва шундай қўшимча ҳам қилди: «Лекин биз ҳозир ҳаммаёқни қуритиб, тозалаймиз, ҳозирча енгни шимариб, ишга киришиш керак». Ўз навбатида Дениз расмийлар нима қилаётганини мутлақо кузатмаётганини айтди: «Бу ҳақда ўйлашга ҳам вақтим бўлгани йўқ. Биз бу ерда ҳаммамиз бир-биримизни қўллаб-қувватлаяпмиз, энг муҳими шу. Агар кимдир ўз ертўласини тозалаб улгурган бўлса, қўшнисига ёрдамга чиқяпти».