АҚШ ва НАТО давлатлари қўшинларининг Афғонистондан буткул олиб чиқиб кетилиши якунига етмоқда. «Толибон» ҳаракати эса мамлакатда ўз назоратини ўрнатишда давом этмоқда. «Дарё» колумнисти Сарвар Жалоловнинг бу сафарги мақоласида «Толибон»нинг июль ойидаги турли мамлакатларга сафари моҳияти, жаҳон ҳамжамиятининг уларга бўлган муносабати ҳақида сўз боради.
АҚШ бошчилигидаги коалиция қўшинлари Афғонистондан бутунлай чиқиб кетиши тобора якунига етаётган бир пайтда «Толибон» ўз назоратидаги ҳудудларни кенгайтириб бораётгани туфайли Афғонистон энг кўп эътибор тортаётган мавзулардан бири бўлиб турибди. Мамлакатда де-юре ҳеч қандай ваколатга эга бўлмаган, бироқ турли баҳоларга кўра де-факто Афғонистоннинг ярмидан кўпини назорат қилаётган «Толибон»га нафақат етарлича кучга эга бўлмаган расмий ҳукумат, балки халқаро ҳамжамият ҳам жиддий эътибор қаратишига тўғри келяпти.
Ҳар ерда меҳмон «Толибон»
Сиёсий бюроси Доҳада жойлашган «Толибон» июль ойи давомида қатор пойтахтларда меҳмон бўлмоқда: Теҳрон, Ашхобод, Москва. 7 июль куни Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф кутилмаганда Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ўртасида Теҳронда аввалдан эълон қилинмаган юқори даражадаги музокаралар ўтказилганини маълум қилди.
Россияда қатор фуқаролик жамияти институтларига экстремистик ташкилот ёрлиғи берилиши фонида «Толибон» 8—9 июль кунлари Москвада «меҳмон» бўлгани жамоатчилик томонидан кескин танқидларга учради. Россия ҳукумати расмийлари бу учрашув «Толибон»га минтақадаги вазият бўйича Кремль позициясини билдириш учун зарур бўлганини маълум қилди. Ашхободда эса 10 июль куни, асосан, Туркманистоннинг Афғонистон билан чегарасидаги вазият муҳокама қилинган.
Аслида Россия ҳам бошқа қатор давлатлар сингари 2014 йилда Барака Обама илк марта АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишини эълон қилгач ва «Толибон»нинг Доҳада сиёсий бюроси очилгандаёқ расмий мулоқотни бошлаган, норасмий контактлар эса 1990 йиллардан, Россия «Шимолий Альянс»ни «Толибон»га қарши курашда қўллаб-қувватлаган даврданоқ бўлган. Айни пайтда Афғонистоннинг барча қўшнилари, шунингдек, Россия, АҚШ, Туркия каби давлатлар расмий ҳукумат билан бирга «Толибон» билан ҳам алоқаларга эга.
«Толибон»ни халқаро ҳамжамият қабул қилишга тайёрми?
АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд «Толибон» ҳарбий йўл билан легитимлашмаслигини, АҚШ, Европа давлатлари, Россия ва Хитой ҳам Афғонистондаги можарога ҳарбий ечим йўқлиги бўйича ҳамфикрлигини, дунё Афғонистонда куч билан эгалланган ҳукуматни тан олмаслигини маълум қилган эди. Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес ҳам Лондон «Толибон» тинч йўл билан ҳокимятга келиб, террорчиликдан воз кечса улар билан мулоқот қилишини маълум қилган.
Бу дунё ҳамжамияти «Толибон» 1995 йилдагидек Афғонистон ҳукуматини куч билан эгалласа тан олмаслигини англатса ҳам, шу билан бирга ҳаракат ҳокимиятга тинч йўл билан (ҳаттоки, нисбатан тинч йўл билан) келишига қарши эмаслигини ҳам билдиради.
Доҳада АҚШ билан олиб борилган музокараларда халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниш «Толибон»нинг энг муҳим истакларидан бири бўлган. Бунинг учун Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокараларига кириш ҳамда «Ал-Қоида» ва бошқа террорчилик ташкилотлари билан ҳамкорликни тўхтатиши керак эди.
Ҳукумат билан музокаралар олиб борилаётганига қарамай, ҳарбий тўқнашувларни тўхтатишга уриниш ҳам бўлмаган, аксинча сўнгги ойлардаги кенг кўламли эгаллаш бошланган. Фақатгина АҚШ ва коалиция кучларига ҳужумлар тўхтатилган — бу уларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши учун асосий шарт бўлгани сабабли.
Аввал иқтисод, кейин сиёсат
«Толибон» халқаро ҳамжамият томонидан тан олинишини исташининг нафақат сиёсий, балки иқтисодий сабаблари ҳам муҳим. «Толибон» Афғонистон ҳукуматини эгаллагач мамлакатга ҳозирда кириб турган гуманитар ва молиявий ёрдам тўхташини истамайди. Қўшнилари билан эса савдо алоқалари узилишини ҳам хоҳламайди. Тожикистон, Туркманистон, Эрон ва Покистон билан чегара пунктлари эгалланишининг ҳам асосий сабаби шунда.
Марказий Осиё давлатлари 1990 йиллардагидек «Толибон» ҳокимиятни эгаллаган тақдирда Афғонистон билан алоқаларни узиб қўймоқчи эмас, бироқ бунинг учун асосий шарт сифатида мамлакатнинг республика сифатида қолиши, «Афғонистон ислом амирлиги» қайта тикланмаслиги лозим. Бу борада минтақа давлатлари халқаро ҳамжамият билан деярли ҳамфикр.
«Толибон»нинг илдам юриши Афғонистоннинг қўшнилари ва йирик давлатларни улар билан гаплашишга мажбур қилмоқда. Жумладан, мамлакат шимолининг ўзида 100 дан ортиқ туманни эгаллаши 1990 йилларда Россия, Ҳиндистон, Эрон ва Марказий Осиё давлатлари томонидан қўллаб-қувватланган қаршилик қайтарилишининг олдини олиш билан бирга, бу ҳудудда СССР томонидан қурилган йўллар тармоғи орқали савдо-сотиқни назорат қилиш учунлиги ҳам айтилмоқда.
Хитой ва Ҳиндистон
АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий кампаниясини доим танқид қилиб келган Хитой ҳам энди Вашингтон жуда тез чиқиб кетаётганини, бундай шошилиш минтақада хавфсизликка янги таҳдидлар пайдо қилишини маълум қилмоқда. Ўз навбатида Хитой Афғонистон ҳукуматининг тез орада парчаланиб кетиши ҳақидаги хавотирларни ошириб юборилган,«Толибон»нинг охирги пайтларда қўшнилари билан яхши муносабат ўрнатишга уриниши дипломатик йўлга ҳали умид борлигини англатади деб ҳисоблайди.
Хитой ўз навбатида аввалдан «Толибон»дан кутган асосий хавфи — Шинжондаги сепаратист ва экстремист гуруҳларни қўллаб-қувватлаши туфайли эҳтиёткор муносабатда бўлмоқда. Бироқ, биринчидан, айни пайтда Хитой ҳукуматининг ўзи Шинжонни мисли кўрилмаган репрессиялар орқали улкан қамоқхона/лагерга айлантириб улгурган. Иккинчидан, «Толибон» энди бундай гуруҳларга ёрдам бермаслигини ва Хитойнинг ички ишига аралашмаслигини маълум қилган.
Бундай позиция ўзини мусулмонларнинг ҳимоячиси сифатида кўрсатишга уриниб келган «Толибон» энди фақат ўз мафкурасига таяниб қолмасдан прагматик стратегияга ўтганини билдиради. Зеро «Толибон» Хитой ўз ички сиёсатининг баъзи йўналишларини қўллаб-қувватлаш эвазига исталган режимга инвестицияларини ёғдириши мумкинлигини яхши англайди. Бундан ташқари, қатор экспертлар томонидан «Толибон»нинг таянчи сифатида кўриладиган Покистоннинг Пекин билан ўта чуқур муносабатлари туфайли ҳам ҳаракат уйғурлар масаласига аралашмасликка қарор қилган бўлиши мумкин.
«Толибон» ҳокимиятга келган тақдирда энг қийин вазиятда Ҳиндистон қолиши кутилмоқда — Россия, Хитой, Эрон, Марказий Осиё давлатлари ва ҳатто АҚШ «Толибон» билан анча олдин гаплашишни бошлаган бўлса, Ҳиндистон ўз позициясида қаттиқ туриб фақат Афғонистоннинг амалдаги ҳукуматини қўллаб-қувватлаб келган ва «Толибон» билан контакт ўрнатмаган. Энди эса Афғонистонда Покистон қарамоғидаги «Толибон» ҳукумати тузилиб, нафақат Ҳиндистон манфаатларига зид ҳаракат қилиши, балки Деҳли учун хавфсизликка таҳдид бўлиши ҳам мумкин.
Покистон «Толибон»га қанчалик таъсир кўрсата олади?
Покистон ҳукумати «Толибон»га тўғридан-тўғри алоқаси борлигини доимо рад қилиб келса ҳам, анча вақтгача сирли бўлиб кўринган ҳаракат вакилларини музокаралар столига ўтиришга айнан Исломобод таъсир кўрсатгани бу борадага кўп очиқ саволларни ёпади. Албатта, «Толибон»га Покистондан асосан махсус хизматлар ва армия таъсир кўрсата олади, бироқ ҳаракатнинг Исломобод билан муносабатлари кўринганидан анча мураккаб.
Покистоннинг «Толибон»га таъсири борасида Исломободда ҳам якдил фикр йўқ — улар «Толибон» ҳокимиятга қайтса Афғонистонга таъсирини тиклашга умид ва умуман вазиятни бошқара олмай қолиш қўрқуви орасида адашиб кетаётгани айтилмоқда. Бундан ташқари, «Толибон»нинг Афғонистондаги ютуқларидан Покистон ҳукуматига қарши курашувчи «Покистон Толибони» ҳам илҳомланиб, яна фаоллашаётганидан хавотирда. Шу туфайли Тожикистон ва Туркманистондан кейин Покистон ҳам Афғонистон билан чегарага ўз қўшинларини олиб келган.
Тошкентдаги конференцияда Афғонистон президенти Ашраф Ғани Покистонни «Толибон»нинг илдамлашига қаршилик кўрсатмасликда айблаб, охирги бир ой ичида Покистондан 10 мингдан ортиқ экстремистлар чегарани кесиб ўтиб «Толибон»га қўшилганини айтган. Таниқли эксперт Аҳмад Рашиднинг фикрича, «Толибон» Покистон ҳарбийлари ва махсус хизматлари айтмагунча музокараларда ён бермайди, Покистон ростан ёрдам беришни истаса «Толибон»га таъсир ўтказиши керак. Масалан, уларнинг Кветта ва Пешовардаги оилалари орқали.
Афғонистондаги бошқа кучлар
Ҳозирча Афғонистондан қўшинларини бутунлай олиб чиқишини эълон қилмаган икки мамлакат қолган — Туркия ва Озарбайжон. Туркияга Қобул халқаро аэропортини қўриқлаш топширилиши анчадан буён муҳокама қилинмоқда. Озарбайжоннинг эса ҳали мақсади аниқ эмас, катта эҳтимол билан Туркия билан бирга ҳаракатланади. «Толибон» Туркиянинг қолишини оккупация давом этиши сифатида кўрмоқда ва бундай ҳолатда улар билан жанг қилиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Бироқ Туркия бу таҳдидни жиддий қабул қилмаяпти.
«Толибон» юзлаб туманларни эгаллаётганига қарамай йирик шаҳарлар ичкарисида жанг қилиб, уларни бузиш нияти йўқлигини маълум қилган. Бу орада Совет оккупацияга қарши кураш ва фуқаролик уруши даврида етишиб чиққан собиқ дала қўмондонлари яна «Толибон»дан ўз ҳудудларини ҳимоя қилиш учун сафдошларини қуроллантирмоқда.
Улар орасида ҳиротлик тожик Исмоил Хон, ҳазаралар етакчиси Абдулғани Алипур, ўзи Туркияда даволанаётган ўзбеклар етакчиси Абдурашид Дўстум, Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилоятининг собиқ губернатори Ата Муҳаммад Нур ва ҳатто Афғонистон Демократик Республикасининг сўнгги бош вазири, Покистоннинг «Толибон»дан олдинги «қўғирчоғи» Гулбиддин Ҳикматёр ҳам бор.
Кейинги кучлар мувозанати
17—18 июль кунлари Доҳада «Толибон» ва Афғонистон ҳукуматининг юқори лавозимли мулозимлари ўртасида бўлиб ўтган музокараларда Қурбон ҳайити муносабати билан ўт очишни тўхтатиш, шунингдек ҳукумат қамоқхоналаридаги 7 минг нафар «Толибон» аъзоларини озод қилиш эвазига 3 ойлик сулҳ тузиш масаласи муҳокама қилинган. Ҳукумат аввал ҳам шундай ён бериш ортидан «Толибон» ўз сўзида турмагани туфайли иккинчи таклифга ишончсиз муносабатда.
Бу ва бундан кейинги музокаралар натижалари коалиция қўшинлари Афғонистонни бутунлай тарк этгач мамлакатдаги кучлар мувозанатини аниқлаш учун катта аҳамиятга эга. Ҳозирда учта сценарий тахмин қилиняпти. Биринчиси – Афғонистон ҳукумати ҳудудлардаги қўмондонлар ёрдамида марказий ҳокимиятни сақлаб қолади, бунда қўмондонларга яна ҳам кўпроқ ваколатлар берилади, «Толибон» эса енгилиши ҳам, ҳукумат таркибига кириши ҳам мумкин. Иккинчиси – ҳукумат ва «Толибон» ягона ҳукумат тузиш бўйича келишувга эришади. Учинчиси – ҳудудлардаги қўмондонлар тўғридан-тўғри «Толибон» билан жанг қилади, мамлакатга фуқаролар уруши қайтади.
Афсуски, энг қўрқинчли бўлган учинчи вариант энг ҳақиқатга яқини ҳамдир. Бундай ҳолатда турли гуруҳларни турли давлатлар қўллаб-қувватлашини кутиш ҳам табиий. Фақат томонлар ҳалигача тўлиқ аниқланмаган. Покистон «Толибон»ни қўллаб-қувватлашда давом этиши эҳтимоли юқори бўлса ҳам, охиригача аниқ эмас. Шимолдаги ҳазаралар, туркманлар, ўзбеклар ва тожикларни 1990 йилларда қўллаб-қувватлаганлар ҳозирда «Толибон» билан ҳам мулоқот қилмоқда, фақатгина Эрон шиа мазҳабидаги ҳазараларга ёрдам беришда давом этиши аниқроқ.
Афғонистонда ҳарбийлари қолмаётган АҚШ ва НАТО Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашда давом этади, бироқ ҳарбий ёрдамга эҳтиёж туғилса бу қандай амалга оширилиши номаълум. Вашингтон бир неча ойдан буён Афғонистон атрофидаги мамлакатларда ҳарбий базаларини жойлаштириш учун вариантлар изламоқда, бироқ ҳали бирорта ижобий жавоб олинмаган.
Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Путин Байден билан учрашув чоғида АҚШни Марказий Осиё давлатларида ҳарбий базасини жойлаштирмасликка чақирганини айтган. Бу бўйича Марказий Осиё давлатлари ҳам огоҳлантирилган, уларнинг ўзи бу борада гап очмаган бўлса ҳам. Шу билан бирга Путин Байденга Тожикистон ва Қирғизистондаги рус ҳарбий базаларидан Афғонистонга разведка учун дронлар жўнатиш мақсадида фойдаланишни таклиф қилгани ҳам маълум бўлди.
АҚШнинг Афғонистон қўшниларидан бирида – на Марказий Осиёда, на Покистонда ҳарбий базасини жойлаштириши минтақадаги яна бир гигант – Хитойга ҳам ёқмаслиги табиий. Бироқ Хитойнинг ўзи ҳам минтақадаги вазият кескинлашган тақдирда нима қилиши бўйича тасаввур мавжуд эмас. Хуллас, бутун дунё нигоҳида турган Афғонистондаги вазият асосан афғонларнинг ўзаро келишиб олишига боғлиқ бўлса ҳам, қўшнилар ва йирик давлатлар ўз манфаатларидан кўра тинчликни биринчи ўринга қўйсагина ижобий натижа кутиш мумкин бўлади.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)