Шимолий Корея давлат оммавий ахборот воситалари мамлакат ёшларини Жанубий Кореяда сўзлашиладиган жаргонлардан фойдаланмасликка чақирди.
Шунингдек, КХДР расмий газетасида Жанубий Корея мусиқаси, соч турмаги ва модасини қабул қилишга қарши янги огоҳлантиришлар пайдо бўлди.
ОАВнинг таъкидлашича, бундай чақириқлар янги қонуннинг бир қисми бўлиб, унинг мақсади КХДРга ҳар қандай хорижий таъсирларни йўқ қилиш. Қонуннинг бузилиши оғир санкциялар, қамоқ ёки ҳатто ўлим жазосига сабаб бўлади.
«Ранг-баранг буржуазия белгиси остида мафкуравий ва маданий кириб бориш қурол кўтарган душманлардан хавфлироқ», — дейилади «Нодон синмун» давлат газетасида.
Газета, шунингдек, «Пхенян диалектига асосланган корейс тили Жанубий Кореяникидан яхшироқ», деб таъкидлаган, шунинг учун ёшлар Шимолий Кореянинг стандарт тилида гаплашишга даъват этилган.
Таъкидланишича, хорижий таъсир Шимолий Корея коммунистик режимига ҳамда олий раҳбар Ким Чен Иннинг ҳокимиятига таҳдид сифатида кўрилмоқда.
Аввалроқ Ким Чен Ин Жанубий Корея мусиқа ва фильмларига қарши уруш эълон қилгани ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, мамлакатда Жанубий Корея фильмларини томоша қилган ва мусиқаларини тинглаганлар учун жазо кучайтириладиган бўлди.
Жанубий Кореянинг Икки Корея давлатини бирлаштириш вазирлиги эса КХДРни Кореялараро алоқа линияларини зудлик билан тиклашга чақирганди.
Изоҳ (0)