Reddit тармоғида Mazda’нинг 15 та РХ-7 ва РХ-8 моделлари ўрин олган коллекцияга оид видео пайдо бўлди. Хусусий уй йўлагида жойлашган спорткарларнинг аксарияти ачинарли аҳволда. Афтидан, ноёб коллекция эгаси ўз автомобилларини таъмирлашга тайёрламоқда, деб хабар беради Motor.

Фото: Reddit

Эълон қилинган кадрларда саккизта Mazda RХ-7 ва яна еттита RХ-8 моделларини кўриш мумкин. Роторли спорткарларнинг аксарияти жиддий модификациядан ўтиб, айримлари ўзгача бампер, кенгайтирилган ғилдирак аркалари, массив орқа антиқанот ва модернизацияланган капотларга эга бўлган. Автомобилларнинг барчаси узоқ вақт қуёшда қолиб кетгани сабаб ачинарли аҳволда. Машиналар кузовини чанг босган, ёриқлар мавжуд.

Ҳаракатланиш чап томонлама бўлган Кипрда ўнг рулли спорткарлар коллекцияси қандай қилиб пайдо бўлиб қолгани номаълум. Тахминларга кўра, роторли Mazda’лар Буюк Британия ёки Япониядан импорт қилинган. Айрим интернет фойдаланувчиларнинг ёзишича, машина эгаси 15 та спорткарни қайта тиклаш ва сотиш мақсадида харид қилган. Аммо у машиналарни реставрация қилишни режалаштирмаяпти деган версия ҳам мавжуд. Роторли автомобиллар эҳтиёт қисмларга ажратилиб, моделнинг маҳаллий ишқибозларига сотиб юборилиши ҳам мумкин.

Аввалроқ Калифорнияда ноёб Porsche’лар билан тўла ҳашаматли гаражга эга уй сотувга қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.