«Навбаҳор» футбол клуби мураббийлар штабида ўзгариш юз берганини маълум қилди.

Фото: Getty Images

Самвел Бабаян «Навбаҳор»да маслаҳатчи мураббий сифатида иш бошлади. Мутахассис бош мураббий Виктор Жалиловга ёрдам беради.

Маълумот учун, Бабаян мураббийлик фаолиятидаги илк қадамларини айнан «Навбаҳор» клубида қўйган. 1995—2001 йиллар давомида Бабаян наманганликлар клуби мураббийлар штабида фаолият олиб борган. Ушбу давр мобайнида «Навбаҳор» бир марта мамлакат чемпионлигини (1996 йили), 4 марта бронза медаллари (1995, 1997—1999 йиллар),  2 марта Ўзбекистон кубоги (1995, 1998 йиллар), бир марта Ўзбекистон Суперкубогини (1999 йил) қўлга киритган.

Самвел Бабаян 2001—2002 йиллари Ўзбекистон терма жамоасида менежер сифатида фаолият олиб борди. 2002 йилдан Тошкентнинг «Пахтакор» жамоасида вице-президент сифатида иш бошлаган Самвел Бабаян мазкур лавозимда 2014 йилгача фаолият олиб борди. Бабаян 2014—2015 йилларда «Пахтакор» бош мураббийи лавозимида фаолият олиб борди.

Мутахассис 2015—2017 йилларда Ўзбекистон миллий, 2016 йили эса параллел равишда Ўзбекистон олимпия терма жамоасида бош мураббий бўлиб ишлади.

Самвел Бабаян 2018—2019 йилларда Латвиянинг «Спартак» (Юрмала) жамоасида фаолият олиб борди. 2019 йилда эса Тошкентнинг «Локомотив» жамоасини бошқарди. 2020 йилда Бабаян Хитойнинг «Чанчун Ятай» жамоасида бош мураббий сифатида фаолият олиб борди.

Маълумот учун, Самвел Бабаян ЎФФ (ҳозир ЎФА) Ижроия Қўмитаси Бюросининг 2018 йил 15 январдаги 3-сонли қарорига мувофиқ футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан умрбод четлаштирилган эди. Кейинроқ мутахассис Латвияда иш бошлагач, ташкилот бу қарорнинг фақат Ўзбекистонда амал қилишини маълум қилганди.