Ёзувчи Марк Твеннинг Коннектикут штатидаги Реддинге шаҳрида жойлашган уйи 4,2 миллион доллар қийматида сотувга қўйилди. Твен у ерда умрининг сўнгги икки йилини (1910 йилга қадар) кечирган, деб хабар беради Esquire.

Кадр: YouTube

Тоскан вилласи услубидаги уй 1908 йилда қурилган. Твен уни «Капитан Стормфилднинг жаннатга саёҳати» ҳикояси асосида «Стромфилд» деб атаган. Ёзувчининг мулки 11,3 гектар ҳудудда жойлашган, кошонанинг ўзи эса 585 квадрат метр жойни эгаллайди.

1923 йилда асосий бино ёнғин оқибатида зарар кўрган, бироқ 1925 йилда у қайта тикланган. Бино оргинал террассалари, тош деворлар, колонналар ва боғини сақлаб қолган. Шунингдек, уй ҳудудида иситиладиган бассейн, бассейн олдида уйча ва ичшилар учун иккита ётоқхонага эга коттеж жойлашган.

Уйнинг ҳозирги эгалари уни 2003 йилда 3,4 миллион долларга харид қилган эди. «Овлоқ жойда эканлигимни ҳис қилиш менга ёқади. Шунга қарамай, Нью-Йорккача бўлган масофа 60 мил. Марк Твен юрган кенг майсазор, тош йўлаклар бўйлаб тушишни яхши кўраман. Бу ерда яшаш ҳақиқатда яхши», — дейди уйнинг ҳозирги эгаси.

Аввалроқ Агата Кристининг Оксфордшир графлигидаги уйи сотувга қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.