Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида Nexia ҳайдовчиси йўлни кесиб ўтаётган 53 ёшли пиёдани уриб юборди.

Фото: «Дарё»

Вилоят ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, воқеа 2 июль куни соат 17:50 ларда Янгиқўрғон—Наманган йўлининг 5- километрида, Янгиқўрғон тумани «Радивон МФЙ» ҳудудида юз берган.

20 ёшли ҳайдовчи Nexia’ни ишонч қоғози орқали бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, йўлни кесиб ўтаётган 53 ёшли пиёдани уриб юборган. Оқибатда пиёда олган жароҳати оқибатида шифохонада вафот этган.

Ҳолат бўйича Янгиқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Наманганда Nexia йўлни кесиб ўтаётган 38 ёшли эркакни уриб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлгани, Самарқандда Spark пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган аёлни уриб юборгани, Қашқадарёда Nexia-3 уриб юбориши оқибатида велосипед минган бобо ва набира вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.