Хонанда СанЖай шаҳарда чиқиндилар тўпланиб қолмаслиги учун одамларни бефарқ бўлмасликка чақириб чиқиш қилган эди. Унинг бу чиқишига жавобан Тошкент шаҳар ҳокимлиги хонандага унинг ўзи истиқомат қилаётган Шайхонтоҳур туман ободонлаштириш бўлими раҳбари лавозимини таклиф этганди. «Rost24.uz»нинг маълум қилишича, СанЖай шаҳарни тозалаши учун унга ҳеч қандай лавозим керак эмаслигини айтди.

Фото: «Rost24.uz»

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда трендга чиққан видеода «Менга шаҳар ҳокимлиги рухсатнома берсин, экологияга алоқадор ташкилотларга сўзим ўцин, шаҳарни 6 ойда топ-тоза қилиб қўяман», деган хонанда 3 июль куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган Кўкча масжиди олдида ҳашар жараёнларини бошлаб юборди.

Унинг сўзларига кўра, бу ишларни ҳеч қандай пиар учун қилмаяпти. Буни тренд деб ҳам ҳисобламайди.

«Пиар қилишим учун чиқинди тозалашим керакми? Мен иккита яхши қўшиқ олсам, мана шу мен учун пиар. Бориб бирортасига битта шапалоқ ураман — мана пиар. Қандай қилиб ободонлаштириш пиар бўлиши мумкин? Агар пиар бўлган тақдирда ҳам халқ фойдасига бўладиган пиар бўляпти бу.

Ободонлаштириш бўйича трендга чиққаним ҳам йўқ. Бизда негатив ишлар қилинса, трендда бўлади, халққа фойдаси тегадиган шундай ишлар бўлса, ҳеч кимнинг иши йўқ», — деган у.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги хонандага унинг ўзи истиқомат қилаётган Шайхонтоҳур туман ободонлаштириш бўлими раҳбари лавозимини таклиф этганига эса «Менга бу ерларни тозалашим учун ҳеч қандай лавозим керак эмас, инсоф керак, виждон керак, халқнинг бирлиги керак», дея жавоб берган.