Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

2021 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги иқтидорли ёшлар «Эл-юрт умиди» жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элларда стажировка ўтайди. Бу ҳақда 30 июнь куни Ботаника боғида ўтказилган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида Президент Шавкат Мирзиёев сўз юритди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Кўплаб иқтидорли ўғил-қизларимиз хориждаги нуфузли олийгоҳларда ўқимоқда, илм-фан билан шуғулланмоқда, йирик ва етакчи компанияларда иш олиб бормоқда. Биз ана шундай юксак билим ва малакага эга ёшларимизни Ватанимизга келиб ишлаши учун барча шароитларни яратиб берамиз.

Уларни раҳбарлик лавозимларига асосий номзод сифатида белгилаш, уй-жой ажратиш, муносиб маоштўлаш бўйича янги тизимни жорий этамиз. Умуман, ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тарбиялашга қаратилган сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз.

Бунинг учун вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ҳар йили ҳоким, вазир, идора ва банк раҳбарлигига камида 2 нафардан ёш номзодлар захирасини тасдиқлайдилар. Жорий йилдан бошлаб бундай иқтидорли ёшларимиз «Эл-юрт умиди» жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элларда стажировка ўтайди.

Шунингдек, халқаро нуфузли рейтингларда мингталикка кирган олийгоҳни тугатган ва чет элда илмийиш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўланади. Ҳар бир вилоят ҳокими ва вазир йил бошида ўз ҳудуди ва тизимига бундай ёш мутахассисларни ишга олиб келиш режасини тасдиқлайди ҳамда уларга бериладиган иш ҳақи, уй-жой ва бошқа рағбат турларини ижтимоий тармоқларда очиқ эълон қилади», — деди Президент.

Давлат раҳбари жонкуярлик билан хизмат қилиб келаётган ёшлар ҳақида гапираркан, Шерзод Раҳмонов – Нарпай туманида, Сарварбек Султонов – Ширин шаҳрида ва Элбек Шукуров – Сергели туманида ҳоким бўлиб, Дурдона Раҳимова – Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, Одилжон Тожиев – Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари лавозимида фаолият юритаётганини алоҳида қайд этган.

Бундан аввал Ўзбекистонда мактаб битирувчисига меҳнат бозорида талаб юқори бўлган камида битта касб ёки ҳунарни эгаллаш мажбурий бўлиши, Ўзбекистонда 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб таълим кредити 7 йил муддатга 14 фоиз ставка билан берилиши ҳамда Ўзбекистондаги фаол ёшлар депутат ва сенаторларга бириктирилиши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар