Ўзбекистонда 28 июнь куни 498 кишида коронавирус аниқланиб, мамлакатда COVID-19 расман қайд этилганлар сони 110 190 нафарга етди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Янги касалланиш ҳолатларининг

  • 13 нафари Қорақалпоғистон Республикасида,
  • 16 нафари Андижон вилоятида,
  • 10 нафари Бухоро вилоятида,
  • 37 нафари Жиззах вилоятида,
  • 13 нафари Қашқадарё вилоятида,
  • 6 нафари Навоий вилоятида,
  • 26 нафари Наманган вилоятида,
  • 85 нафари Самарқанд вилоятида,
  • 15 нафари Сирдарё вилоятида,
  • 40 нафари Сурхондарё вилоятида,
  • 52 нафари Фарғона вилоятида,
  • 20 нафари Хоразм вилоятида,
  • 50 нафари Тошкент вилоятида,
  • 115 нафари Тошкент шаҳрида

коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлгани сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Вазирликнинг қайд этишича, сўнгги суткада жами 636 киши — Қорақалпоғистонда 9 нафар, Жиззахда 29 нафар, Қашқадарёда 10 нафар, Навоийда 2 нафар, Наманганда 5 нафар, Самарқандда 78 нафар, Сирдарёда 14 нафар, Сурхондарёда 37 нафар, Фарғонада 14 нафар, Хоразмда 28 нафар, Тошкент вилоятида 58 нафар, Тошкент шаҳрида 352 нафар бемор тузалиб, касалликдан соғайганлар 106 416 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 733 нафарни ташкил қилмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3041 нафар бемор даволаняпти.

Касалланганлар сони 110 мингдан бир неча баробар кўп бўлиши мумкин

Ўзбекистон расмийлари коронавирус статистикасига доир рақамларни яшириш ёки уларни бузиб кўрсатишдан ҳеч ким манфаатдор эмаслигини мунтазам таъкидлаб келади. Айни вақтда, касалланганлар сони расмий статистикадагидан икки-уч баробарга кўп бўлиши мумкинлигини ҳукумат тузилмаларига алоқадор масъуллар ҳам, ҳукумат қошида тузилган Республика махсус комиссияси вакиллари ҳам тан олиб таъкидлаган.

2020 йили карантин тартиби қайта кучайтирилиши арафасида, 8 июль куни ташкил этилган матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш бўйича штаб аъзоси Ҳабибулла Оқилов COVID-19’ни юқтириб олганлар сони расмий статистикадагидан икки-уч баробарга кўп бўлиши мумкинлигини алоҳида таъкидлаб ўтган эди.

«Касалланганлар сони кунига 350 тага кўпаймоқда дегани — бу биз билган статистика. Бунинг орасида ҳали қанча таҳлилга етиб бормаган, лекин аслида касалланган, симптомсиз юрган беморлар сони икки-уч баробар кўпроқ ҳам бўлиши мумкин. ПЗР таҳлилининг жавоби чиқишига икки-уч кун, ҳатто бир ҳафтагача вақт кетиб қоляпти, бу вақтнинг ичида эса ПЗР борми, йўқми, деб гумонда турган бемор халқнинг ичида юрибди, кун сайин бештага юқтиряпти, у беш киши бошқа 25 кишига юқтириб, касалларнинг сони шу тариқа кўпайиб кетмоқда», — деганди Оқилов.

9 июль куни эса Республика махсус комиссияси Ўзбекистонда кучайтирилган карантин тартиби қайта тикланиши сабабларини изоҳларкан, «расмий статистика фақат аниқланган касалланиш ҳолатларини қайд этаётгани, ҳақиқий ҳолат, бошқа мамлакатлардаги каби, бир неча баробар фарқли бўлиши мумкин»лигини тан олган эди. «Сабаби ҳамма беморлар ҳам тиббий ёрдамга мурожаат қилмаяпти, симптомсиз беморларни эса ҳисобга олишнинг имкони йўқ», — дейилганди комиссия мурожаатида.

Тошкент тиббиёт академияси проректори, ССВ ҳузуридаги коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Шуҳрат Боймуродов 20 сентябрь куни «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Студия 24» дастуридаги чиқишида расмий статистикага фақат расман мурожаат қилиб ёки даволаш муассасаларида тест топширган ва тестининг натижаси мусбат чиққан фуқароларгина киритилганини айтиб ўтганди.

«Тест деяпмиз, бу расмий мурожаат қилган ёки даволаш муассасаларида тест олинган беморлар сони, лекин тест топширмай, вирусни юқтириб олиб, касалликни ўзида тўлиқ ўтказган фуқароларимиз ҳам кам эмас... Фуқаролар ўртасида саволлар шунчалик кўп бўлдики, тўрт-беш марта тест топширган, аммо ҳар сафар тест натижаси манфий чиққан, шунга қарамай унда касалликнинг клиник белгиси бор. Маълум бир вақт, бир ярим ой ўтгач, у организмидаги антитанани аниқлаш учун қонидан тест топширса, натижа мусбат чиққан. Яъни бу фуқаро касалликни ўзида тўлиқ ўтказган, деган хулоса бериш мумкин. Шу боис бугунги кунда касалликни бошидан ўтказган фуқароларимиз ҳам кўп», — деганди Шуҳрат Боймуродов.

28 август куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирганди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланганди.

2021 йил январь ойи бошларида соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев ССВ юритаётган коронавирус статистикасига тўлиқ ишонишни, «чунки у тўғри» эканлигини айтганди.