Исроил бош вазири Нафтали Беннетт мамлакатда коронавирус янгидан авж олаётганини маълум қилди, деб ёзади Reuters.

Фото: Reuters

Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, мамлакатда кунлик касалланиш сони икки баравардан кўпроққа ошиб, 125 тага етган. Бу мамлакатда сўнгги икки ой ичида қайд этилган энг юқори суткалик кўрсаткичдир.

Вирус юқтиришнинг аксарият ҳолатлар Исроил мактабларига тўғри келаётгани сабабли баъзи мунисипалитетлар мактаблар учун ниқоб режимини мажбурий қилишга қарор қилди. Касалликнинг сўнгги ҳолатлари ўрганиб чиқилганда фуқароларнинг бир қисми янги пайдо бўлган Дельта штаммини юқтиргани маълум бўлди.

«Олинган маълумотлардан келиб чиқиб, биз вазиятни касалликнинг янги авж олиши сифатида кўриб чиқмоқдамиз», — деди Беннетт. У исроилликларни иложи борича мамлакат ташқарисига чиқишдан сақланишга ва ёпиқ жойларда ниқоб тақишга чақирди.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, яқин келажакда Исроил чегарасини кесиб ўтиш масалаларида жиддий ўзгаришлар юз бериши мумкин ва янги эҳтиёт чоралари доирасида чегаралардаги тақиқлар узайтирилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Исроил вакцинация бўйича дунёда етакчи давлатлардан бирига айланди. 2021 йил апрель ойи бошига келиб мамлакатда вояга етган аҳолининг деярли 80 фоизи эмланган эди. Аҳолига кўчада ниқоб тақиш мажбурияти бекор қилинди. Апрель охирига келиб мамлакат касалхоналаридаги коронавирус бўлимларининг барчаси ёпилди.

Июнь ойининг бошларида Исроилда касалланиш даражаси доимий пасайиб бораётгани сабабли, барча карантин чекловлари ва бинолардаги ниқоб режими бекор қилинди. Оммавий ва кўнгилочар муассасалар фаолиятига қўйилган чекловлар олиб ташланди, энди дўконлар ва ресторанларда COVID-19’га қарши эмланганлик тўғрисидаги ҳужжат талаб қилинмайдиган бўлди.