Россия президенти Владимир Путин Халқаро хавфсизлик бўйича Москва конференцияси иштирокчиларига видеомурожаатида оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши, халқаро жиноятчилик, кибержиноятчилик ва терроризм каби дунё хавфсизлигига таҳдид солаётган омиллардан хавотир билдирди, деб ёзади «Коммерсантъ».
Хабарга кўра, давлат раҳбари, шунингдек, НАТОнинг Россия чегаралари яқинидаги инфратузилмалари кучайтирилаётганини яна бир бор қайд этди. Унинг сўзларига кўра, НАТО Россиянинг кескинликни пасайтириш ҳақидаги таклифларини кўриб чиқишдан бош тортмоқда.
«Минтақавий қуролли тўқнашувлар, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиш хавфи, трансчегаравий жиноий гуруҳлар, гиёҳванд моддалар савдоси ва кибержиноятчилар фаоллиги жиддий ташвишга солмоқда» — деди Путин.
Путиннинг таъкидлашича, «НАТОнинг Россия чегаралари яқинидаги ҳарбий салоҳияти ва инфратузилмасининг тобора кучайиб бориши, шунингдек, альянснинг кескинликни пасайтириш ва олдиндан айтиб бўлмайдиган хавфни камайтириш бўйича таклифларни конструктив равишда кўриб чиқишдан бош тортаётгани ҳақида воқеалар Россияни ташвишлантирмаслиги мумкин эмас».
«Умид қиламизки, соғлом фикр ва биз билан конструктив муносабатларни ривожлантириш истаги охир-оқибат устун келади», — дея қўшимча қилди у.
Агентлик таъкидлашича, Россия президенти минтақавий можароларнинг ҳал этилиши глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим йўналиши деб билади. «Россия буни фаол равишда тарғиб қилмоқда. Ҳарбий ёрдамимиз туфайли биз Сурия ҳудудининг катта қисмини халқаро террорчилардан озод қилдик, Сурия давлати қулашининг олдини олдик. Туркия ва Эрон билан биргаликда Остона форматидаги сиёсий ва дипломатик ишларимиз БМТ ҳомийлигида Сурияни тартибга солиш жараёнини бошлашга имкон берди», — деди Путин.
Изоҳ (0)