Mercer халқаро консалтинг компанияси чет эллик ишчилар яшаши учун энг қиммат бўлган дунё шаҳарлари рейтингини тузди, деб ёзади CNN.

Фото: «Araratour.com»

Рейтингда Туркманистоннинг Ашхобод шаҳри етакчилик қилмоқда. Ўтган йили шаҳар ушбу рўйхатда иккинчи ўринда турган эди. Таъкидланишича, Ашхободда яшашнинг қимматлашиши узоқ давом этаётган молиявий инқироз оқибатида юзага келган озиқ-овқат тақчиллиги ва гиперинфляция билан боғлиқдир.

Тошкент эса 209 та шаҳар ичида охирги ўринлардан бири — 203-ўринда жойлашди. 2020 йилда эса Ўзбекистон пойтахти ушбу рейтингда 206-поғонани эгаллаган эди.

Энг қиммат шаҳарларнинг биринчи ўнлигидан асосан йирик ишбилармонлик марказлари ўрин олди: Ашхободдан кейинги ўринларда Гонконг, Байрут, Токио, Цюрих, Шанхай, Сингапур, Женева, Пекин ва Берн жойлашди.

Шуниси эътиборга лойиқки, Байрут бир йил ичида рўйхатнинг 45-поғонасидан учинчи поғонасига чиқиб олди. Mercer буни Ливандаги иқтисодий инқирознинг ривожланиши билан боғламоқда, у коронавирус пандемияси ва Байрут портидаги портлаш (2020 йил августида) туфайли чуқурлашиб кетди.

Яшаш учун энг қиммат шаҳарлар рейтингида, хусусан, Нью-Йорк —14, Лондон — 18, Париж — 33, Дубай — 42, Москва — 62-ўринларда жойлашди. Шунингдек, Олмаота — 193, Бишкек эса энг сўнгги — 209-ўринни эгаллади. Бишкекдан олдинда Лусака, Тбилиси, Тунис, Бразилия шаҳарлари жойлашди.

Рейтинг тузишда 209 та йирик шаҳарлардаги турар жой, транспорт, овқатланиш, кийим-кечак, кўнгилочар фаолиятлар ва хизматлар нархлари, шунингдек, у ерда қўлланиладиган миллий валюта курсларининг тебранишлари каби омиллар ҳисобга олинган.