Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистонда маданият соҳасида профессионал кадрлар етишмовчилиги сабаб режада чиройли ўйланган кўплаб тадбирлар амалда кўп ҳам чиройли бўлмаган кўринишда рўёбга чиқарилмоқда. Бу фикрни, хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг деярли ҳар бир ҳудудида ташкил этилаётган ва биринчи навбатда, сайёҳларни жалб қилиш мақсадида ўтказилаётган халқаро фестиваллар борасида ҳам билдириш мумкин. Бу халқаро тадбирларнинг камчилиги фақат ўтказилиш вақти билан чекланмайди, дейди номоддий маданий мерос тарғиботчиси, Oxus Culture жамияти раҳбари Ҳусниддин Ато.

Маданият соҳасида маҳаллий менежерлар деярли йўқ

Анъанавий мусиқа соҳасида энг оқсаётган жиҳатларимиздан бири — менежмент. Фестиваль, концертларни ташкиллаштиришда негадир профессионализмдан қочяпмиз ёки бу борада билим, тажрибамиз етишмаяпти. 2018 йили Бухородаги «Ипак ва зираворлар» ҳамда Намангандаги Халқаро гуллар фестивалининг бир вақтда ташкиллаштирилиши сайёҳлар оқимини икки жойга йўналтираётгани, тадбирлар вақтига ўзгартириш киритиш кераклиги ҳақида вазирликка таклиф бергандик. Бироқ фикрларимиз инобатга олинмай, 2021 йилда ҳам яна шу муаммо такрорланди. Қўшимчасига, худди шу вақтда Фарғонада яна бир янги — «Оналарга эҳтиром» фестивали ўтказилди.
Маълумот учун: Бухородаги 2021 йилги «Ипак ва зираворлар» фестивали 28—30 май кунлари, Намангандаги Халқаро гуллар фестивали эса 23—31 май кунлари ўтказилди. Фарғонада эса «Оналарга эҳтиром» фестивали ташкил этилиб, бутун вилоятни қамраб олган тадбир 29 май куни якунига етган.
Энди, айтинг-чи, ўзбекистонликлар ёки бирор сайёҳ учала фестивални ҳам кўргиси, қатнашгиси келса нима қилади? Уларнинг бир пайтда бошланиб, тугаши аудиториянинг хоҳишлари ўрганилмагани, ташкиллаштириш жараёнида мутасаддиларнинг бир-бири билан мулоқот қилмаганидан дарак эмасми? Ҳолбуки, олдимизда нафақат сайёҳларни жалб этиш, балки маданиятимизни, анъаналаримизни кейинги авлодларга етказиш, сақлаб қолиш, тарғиб қилиш масаласи ҳам бор.

Бундай мисоллардан яна бири сифатида 5 июнь куни Ўзбекистон Давлат филармонияси ташаббуси билан Бухоро вилояти филармонияси «Мавриги» ансамблининг концерти Тошкентдаги «Туркистон» саройи ёзги саҳнасида соат 20:00 да, худди шу куни Маданият вазирлиги ташаббуси билан Навоий номидаги Давлат Академик катта театри майдонида Очиқ осмон остидаги концертнинг соат 19:00 да бўлиб ўтганини кўрсатиш мумкин. Иккита катта ва муҳим концерт бир соат фарқ билан бир жойда — пойтахтда бўлиб ўтганида қандайдир мантиқ борми?

Шунда концертларнинг ҳар иккисига ҳам бормоқчи бўлганлар қандай танлов қилиши керак? Қолаверса, концертлар ҳақида олдиндан, каттароқ платформаларда хабар берилиши керак. Маданият соҳаси мутахассиси сифатида ушбу концертлар ҳақида, очиғи, концерт тугагач хабар топдим. Бошқаларни-ку айтмаса ҳам бўлади. Турли концерт-томошалар ҳақида хабар берувчи «Afisha.uz» сайтидан ҳам «Мавриги» ансамблининг концерти ҳақида маълумот тополмадим.

Шунингдек, яқинда «Ёш мақом ижрочилари» республика кўрик-танловининг тақдирлаш маросимда икки ғолибга битта статуэтка берилди. Бу ҳам ташкилотчиларнинг нопрофессионаллигидан дарак.

Ҳусниддин Ато.

Ҳусниддин Ато.
Фото: Дилруҳ Исомиддинова

Бу ерда иккита муаммо бор: бири — маданият соҳасида маҳаллий менежерларнинг етишмаслиги бўлса, иккинчиси — халқаро доирадаги тадбирларни ўтказадиган менежерларнинг етишмаслигидир. Менежмент борасида биз ҳам маҳаллий, ҳам халқаро бозорда ютқазяпмиз. Бозорни ўрганмай, қадам ташлаяпмиз. Қарийб 20 йилдан бери маданиятимиз тарғиботи билан шуғулланаман. Бу давр ичида муваффақиятсизлик аламларини ҳам тотганман. 2012 йилдан халқаро майдонга чиқиб, аудитория кайфияти, талабини ўргангач, тарғибот, менежментда хатоларимни тушуниб, кейинги режаларимни тузганман.

Таълимга PR, реклама, саҳнага олиб чиқиш менежменти дарсларини киритиш керак. Менежментни дарс сифатида олий таълимга киритиш керак. Бундан бир йил аввал Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг давра суҳбатида Маданият вазирлигига маданият ва санъат йўналиши магистратура босқичи талабалари учун икки семестрли «Халқаро маданият ва санъат менежменти асослари» дастурини таклиф қилдик. Ҳар галгидек бу таклиф ҳам таклифлигича қолди. Токи таълимга менежмент фан сифатида киритилмас экан, тадбирлар, фестиваллар, маросимлар йўл-йўлакай ўтказилаверади.

Фестиваллар танлов шаклида ўтмаслиги керак

Танлов тарзида фестиваль ўтказиш совет давридан қолган анъана. Бундан тезроқ воз кечайлик. Асл санъат турли мукофотлар ва ўринларнинг ортида қолиб кетади. Бизга анъанавий мусиқамиз тарғиботи керак. Шу пайтгача танлов тарзида ўтказилган турли фестиваль, концерт ғолибларини бугун қаерда кўряпсиз? Улар ўша саҳнада қолиб кетмоқда. Дунёнинг бирор мамлакатида Ўзбекистоннинг нуфузли фестивалларидек халқаро даражадаги тадбирларни танлов шаклида ўтказилганини учратмаганман.

2022 йилда ўтказилиши кутилаётган «Лазги» халқаро фестивалига доир президент қарори лойиҳаси бўйича бир қатор таклифлар бергандим, аммо якунда эълон қилинган ҳужжатда бирорта таклиф акс этмади. «Шарқ тароналари», мақом, бахшичилик фестивалларида йўл қўйилган камчиликлар айнан «Лазги»да ҳам такрорланмасин дегандим. Лекин хатолар ўша-ўшалигича қолади, шекилли — «Лазги» фестивали ҳам танлов тарзида ўтказиларкан.

Жавобсиз қолаётган таклифлар

Анъанавий ва халқ мусиқа меросини лицензиядан қандай қилиб қутқариш мумкин, деган саволга жавобни, тахминан, 2003 йиллардан бери излайман. Айнан шу йиллардан бошлаб мумтоз мусиқа меросини интернетда тарғиб қила бошладим. Бу мавзудаги расмий мурожаатларим тарихи эса 2014 йилнинг мартидан бошланади.

2014 йил 24 март Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Маданият вазирлигига, шунингдек, 2014 йил 13 декабрь биринчи президент Ислом Каримов номига йўллаган хатларимда концерт фаолияти учун жорий этилган лицензия ва солиқлар борасида қуйидаги таклифларни берган эдим:

  • асосини миллий мусиқамиз, мақомларимиз, миллий чолғуларимиз иштироки ташкил этадиган концерт дастурлари ташкиллаштирилаётган жисмоний ва юридик шахсларга кенг имкониятлар яратиш;
  • мумтоз йўналишда ижод қилаётган ва профессионал чолғу ижрочилиги ривожига қаратилган концерт дастурлари учун имтиёзлар жорий этиш ва ҳужжатларда алоҳида келтириб ўтиш;
  • хонанда, созанда ва концерт ташкилотчиларининг махсус таянч маълумотга эгалиги борасидаги ҳужжатини алоҳида эътиборга олиш;
  • мақом, мумтоз мусиқа, достонларнинг яккахон ва гуруҳ ижрочилари, миллий чолғулар асосидаги концерт дастурлари ташкилотчиларини махсус рухсатнома олишдан озод қилиш борасидаги мавжуд ҳужжатларга ўзгартириш киритиш;
  • электрон чолғулар (синтизатор, басс гитара, барабан) аралашмасидаги мусиқий концертлардан солиқлар қисқартирилиши;
  • ўз табиий овозига эга бўлган чолғулар воситасидаги концертлар, мақомлар, миллий куй-қўшиқлар ва достонлар ижросидаги концертлар эса солиқлардан озод қилиниши лозим.
Ушбу таклифлар билан 2014 йилдан буён Ўзбекистон Сенати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Маданият вазирлиги, Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитасига мурожаат киритиб келганман.

Қуйидаги саволларни эса 2017 йил 7 май ҳамда 2017 йил 4 декабрда президент Шавкат Мирзиёевга йўлланган мурожаатимда мавжуд муаммони баён этиш жараёнида санаб ўтгандим:

  • мумтоз мусиқа йўналишидаги концерт дастурларини қаерда тинглаш мумкин?
  • шашмақом туркуми ҳамда Катта ашула йўналишидаги концерт дастурларини-чи?
  • Тошкентда бир ойда ёки йилда неча марта мумтоз мусиқа, шашмақом, халқ мусиқаси асосидаги концертлар бўлиб ўтади?
  • бир йилда хориж мамлакатларида (элчихоналар иштирокисиз) неча бор Ўзбекистон мумтоз, халқ мусиқаси асосидаги концертлар ташкиллаштирилади?
  • Ўзбекистонда мусиқа меросига оид махсус музей борми?
  • хорижлик тадқиқотчилар ўзларини қизиқтирган маълумотлар, мусиқий, мақом намуналарини олиш учун қаерларга мурожаат қилишлари мумкин?
  • сиз қанча эстрада ва қанча анъанавий йўналишда ижод қилаётган хонанда ва созандани санай оласиз ва уларнинг охирги концертлари қачон, қаерда ва неча кун давом этган?
  • бир йилда битта эстрада хонандаси неча турдаги мусиқий альбом чиқаради?
  • анъанавий йўлда ижод қилаётганлар-чи?
  • анъанавий йўлда ижод қилаётган қайси созандаларни биласиз ва улар қандай чолғуларда ижро этишади?
  • Ўзбекистон давлат консерваториясининг Анъанавий ижрочилик бўлимини битираётган талабаларнинг неча фоизи айнан анъанавий йўлда ижод қиляпти?
  • Давлат консерваторияси Анъанавий ижрочилик бўлими битирувчилари бугун Шашмақом туркумидаги йирик асарларни қаерларда ижро этяпти?
Қуйидаги таклифлар ҳам алоҳида эътиборга олиниши лозим эди:
  • интернетда Ўзбекистон анъанавий ва халқ мусиқа мероси фоноархивини яратиш ва мунтазам тарғиб этиб бориш;
  • Ўзбекистон давлат консерваторияси магистратура босқичи учун махсус мусиқа (шу жумладан, маданият ва санъат) менежменти курсини жорий этиш;
  • замонавий инновацион технологиялар асосида Ўзбекистон мусиқа мероси музейини ташкил этиш;
  • Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларда анъанавий ва халқ мусиқа меросимиздан жонли равишда намойиш этиш истагида бўлган жисмоний ва юридик шахсларга кенг имкониятлар, имтиёзлар яратиш;
  • хориж концертлари, фестивалларига йўл олаётган анъанавий ва халқ йўналишида ижод қилаётган мустақил созанда, хонанда, раққоса ва жамоалар сафар харажатлари, авиа чипталари учун махсус грантлар ажратиш;
  • нодавлат ташкилотлар истагига кўра, турли мусиқа фестивалларини, маданий лойиҳаларни молиялаштиришга кўмаклашиш тизимини жорий этиш;
  • хусусий ташкилотларнинг нуфузли халқаро мусиқа ва санъат ярмаркаларида иштирок этишларига молиявий кўмаклашиш;
  • Жанубий Корея, Туркия, Германия, Эстония, Россия, Эрон, Франция, Швеция, Норвегия, Финляндия, Латвия, Қозоғистон, Чехия, Бельгия, Ҳиндистон, Покистон, Озарбайжон каби давлатларнинг маданий, мусиқий сиёсат, менежмент, фестивалларни ташкиллаштириш соҳасидаги ва яна бошқа кўпгина йўналишлардаги тажрибаларини ўрганиб, ўзлаштириш.
Қолаверса, тўйларни тартибга солишга доир Сенат қарори муҳокамасида айнан шундай маросимлардаги овоз баландлигини чеклаш борасида ҳам таклиф берган эдик. Лекин афсуски, на Маданият вазирлиги, на Сенат бу борада тайинли ҳаракат қилди. Тўйлардаги баланд овоз эшитиш ва ҳис қилиш қобилиятимизни пасайтиради, асл санъат шовқин остида қолиб кетади.

Таклифларим қанчалик инобатга олинганини эса ўзингиз бугунги кун «ислоҳотлари»дан билишингиз мумкин.

Ҳусниддин Ато — дунё мусиқаси бўйича эксперт, халқаро тоифадаги маданият ва санъат менежери, тренер. Transglobal World Music Chart лойиҳаси, ICCIRA — Маданият ва ижод соҳалари халқаро маъмурий ташкилоти директорлар кенгаши, MusiConnect Asia — Осиё минтақаси дунё мусиқаси ижодкорлар бирлашмаси бошқарув кенгаши, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Oxus Culture жамияти раҳбари, Ўзбекистон номоддий-маданий меросининг тарғиботчиси, фотожурналист.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Маҳаллий
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид тақдимот билан танишди (фото)
Маданият
Томошабинлар меҳрига сазовор бўлган энг гўзал турк актрисалари (фото)
Маҳаллий
Марказий банк хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини эълон қилди