15 июнь куни 19:10 ларда Навоий вилояти Қизилтепа тумани Дабашён қишлоғи ҳудудидан ўтган ички йўлда содир бўлган ЙТҲ оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ ЙХҲББ ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, йўлнинг ўнг четки қисмидан велосипедда ҳаракатланиб кетаётган уй бекаси ўзи билан бир йўналишда бораётган «КамАЗ» юк машинаси тиркамасининг олд ўнг ғилдирагига урилиб, йиқилган.

«Ҳайдовчи автомашинани ҳаракатлантирмасдан, жойида тўхтатиб ЙТҲ содир этади», — дейилади хабарда.

Кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамай, жабрланувчи шифохонада вафот этган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Қизилтепа тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада Damas велосипедчини уриб юбориши оқибатида жабрланувчи воқеа жойида ҳалок бўлгани, Тошкентда Nexia билан тўқнашган мотоциклчи воқеа жойида вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.