Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин мамлакатга озиқ-овқат танқислиги таҳдид солаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Фото: Reuters

KCNA расмий ахборот агентлигининг хабар беришича, Ким раҳбарлигида ҳукмрон Ишчилар партияси марказий қўмитасининг ялпи мажлиси ўтказилди, унда бош сиёсий йўналишлардаги тараққиёт кўриб чиқилиб, иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш чоралари ишлаб чиқилди.

«Ўтган йилги тайфундан кўрилган зарар туфайли ғалла етиштириш режаси бажарилмай қолди, шундан келиб чиқиб ҳозирги пайтда аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашда таранг вазият шаклланмоқда», — дейилади Шимолий Корея раҳбарининг баёнотида.

Ким Чен Иннинг таъкидлашича, мамлакатда коронавирус тарқалишига қарши қўлланилган чоралар вазиятни янада оғирлаштирган. Унинг фикрига кўра, қабул қилинган чекловлар «аҳолини кийим-кечак, озиқ-овқат ва уй-жой билан таъминлаш учун кураш»ни узайтирган.

Партия 2021 йил барча саъй-ҳаракатларни қишлоқ хўжалигига йўналтиришга ва COVID-19 пандемияси билан курашиш йўлларини муҳокама қилишга ваъда берди.

Қўмита янги беш йиллик иқтисодий режасини амалга ошириш учун олдига мақсадлар ва вазифалар қўйди. Февраль ойида ўтказилган йиғилишда баён этилган ушбу режада, шу жумладан, озиқ-овқат ва металл ишлаб чиқаришни ошириш белгилаб қўйилган.

Апрель ойида КХДР етакчиси Ким Чен Ин мамлакатда кенг миқёсда очарчилик бўлиши мумкинлигини тан олди. КХДРда вазиятнинг ёмонлашувидаги муҳим омиллардан бири бу чегаралар ёпилиши сабабли Хитой билан савдо ҳажмининг кескин пасайиши эди.

Аввалроқ Шимолий Кореяда коронавирус тарқалишига қарши кураш учун ўрнатилган қаттиқ чекловлар шароитида халқаро гуманитар ташкилотлар, хусусан, Жаҳон озиқ-овқат дастурининг сўнгги ходимлари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлгани ҳақида хабар берилганди.