АҚШда коронавирусга чалинишнинг илк ҳолатлари 2019 йилнинг декабрь ойида содир бўлган, қон намуналарини ўрганиш бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари шундан далолат бермоқда. Бу ҳақда Миллий соғлиқни сақлаш институти (NIH) маълум қилди.

Фото: Getty Images

«Ушбу тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, SARS-CoV-2 инфекцияси Қўшма Штатларда қайд этилганидан олдинроқ пайдо бўлган бўлиши мумкин», — дейилади NIH ахборотида.

Тадқиқот давомида олимлар 2020 йил 2 январдан 18 мартгача 50 та штат аҳолиси томонидан тақдим этилган 24 000 дан ортиқ қон намуналарини текшириб чиқди. Унда 2020 йил январь ойининг бошларига келиб маълум миқдордаги америкаликларда антитаналар пайдо бўлгани аниқланди. Шу билан бирга, ўша пайтда мазкур штатларда вирус юқтириш ҳолатлари расман қайд этилмаган эди.

2020 йил 30 ноябрь куни АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш бўйича бошқармаси (CDC) олимлари ҳам ўз тадқиқотларини ўтказган эди. Натижада COVID-19 инфекциясининг биринчи ҳолатлари АҚШда 2019 йил декабрида содир бўлгани аниқланган. Америка Қизил Хоч ташкилоти тўққиз штат аҳолисидан 13 декабрдан 17 январгача қон намуналарини олган. 7389 та намунанинг 106 тасидан SARS-CoV-2’га қарши антитаналар топилган.

АҚШда коронавирусга чалиниш бўйича биринчи ҳолат 2020 йил 19 январда расман тасдиқланган эди.