Женевада Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Жо Байден ўртасидаги учрашув бошланди. Бу уларнинг давлат раҳбарлари мақомидаги биринчи юзма-юз учрашуви, деб ёзмоқда Meduza.

Учрашув Женевадаги La Grange вилласида бўлиб ўтмоқда. Путин ва Байден беш соатдан узоққа чўзилмайдиган тор ва кенгайтирилган таркибдаги уч босқичли музокаралар ўтказиши кутилмоқда.

Шундан сўнг икки мамлакат президентлари алоҳида матбуот анжуманлари ўтказади. Уларнинг музокаралари якунлари бўйича бирор-бир ҳужжатни имзолаш режалаштирилмаган.

АҚШ президенти Жо Байден Женевага 15 июнь, сешанба куни етиб келган эди. Аэропортда уни Швейцария президенти Ги Пармелин ва Женева кантон ҳукумати раҳбари Серж Дал Бюско кутиб олган.

Владимир Путин эса Женевага бугун, 16 июнь куни келган. Россия делегацияси таркибида президентнинг ёрдамчиси Юрий Ушаков, президент матбуот котиби Дмитрий Песков, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва унинг ўринбосари Сергей Рябков, АҚШдаги элчи Анатолий Антонов ва бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов бўлиши айтилган.

La Grange вилласи Женева кўли бўйида жойлашган. Унинг ёнига саммитдаги ишлар учун медиа марказ бўлиб хизмат қиладиган чодир ўрнатилган. Шунингдек, вилла атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Швейцария ҳукумати мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан 900 нафар полициячи ва 1000 нафар ҳарбий хизматчини Женевага жўнатишга қарор қилган эди.