Хитойнинг Буюк Британиядаги элчихонаси G7 саммитида иштирок этган мамлакатларнинг Хитойга туҳмат қилгани ва мамлакат ички ишларига аралашишга урингани учун (Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония) норозилик билдирди. Элчихонанинг баёнотида таъкидланишича, G7 аъзоларининг Хитойга босим ўтказишга уринишлари халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларига зиддир.

Фото: Getty Images

«Биз  АҚШ ва G7 нинг бошқа давлатлари ХХРга туҳмат қилишни ва Хитойнинг ички сиёсий ишларига аралашишни бас қилишини талаб қиламиз. Улар Хитойнинг манфаатларини бузмаслиги керак. Улар зиддиятлар ва қарама-қаршиликларнинг пайдо бўлишига ҳисса қўшмаслиги, халқаро ҳамкорликка ижобий таъсир кўрсатадиган ҳаракатларни амалга ошириши лозим», — дейилади элчихона сайтида.

Элчихонанинг таъкидлашича, G7 вакилларининг Гонконг ва Шинжондаги вазиятлар ҳамда Тайван масаласи бўйича баёнотлари «уларнинг дўстона бўлмаган ниятларидан далолат беради». ХХР элчихонаси бунга «қаттиқ ва кескин норозилик» билдирган.

G7 раҳбарлари ўз баёнотида Хитойни, айниқса Шинжон мусулмонлар минтақасида инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирган ва Гонконг мухториятини тилга олган эди.

Аввалроқ  АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг маълум қилишича, G7 давлатлари Хитой билан турли хил соҳаларда ягона куч позициясида иш юритиш ниятида, чунки улар республиканинг кўплаб ҳаракатларидан ташвишда. Reuters хабар беришича, G7 давлатлари раҳбарлари Хитойга нисбатан ягона ёндашув зарур деган хулосага келган. Улар инсон ҳуқуқлари бузилиши ва асосий эркинликлар бузилаётганини назарда тутган.