Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 175 966 572 кишига етди, шулардан 3 804 259 киши вирус қурбонига айланди. Касалланганлар сони бўйича АҚШ (33,4 миллион), Ҳиндистон (29,5 миллион), Бразилия (17,4 миллион), Франция (5,8 миллион) ва Туркия (5,3 миллион) энг олдинда бормоқда.

Токиода гортензия гуллари очилди

Фото: AP Photo

Бразилия президенти ниқоб тақмагани учун жаримага тортилди

Бразилия президенти Жаир Болсонаруга Сан-Паулу штатида бўлиб ўтган мотопойгада ниқоб тақмагани учун жарима солинди.

Штатда 2020 йил май ойидан буён жамоат жойларида ниқоб тақмаганлик учун тахминан 110 долларга тенг жарима жазоси амал қилиб келади.

Болсонару ниқобсиз ҳолатда дастлаб ўз тарафдорлари қуршовида мотоциклда сайр қилган бўлса, сўнг халқ билан мулоқотда бўлди.

Давлат раҳбари фикрича, тўлиқ эмланган одамлар ниқоб тақиши шарт эмас, чунки улар бошқаларга вирус юқтира олмайди, бунинг аксини даъво қилувчилар эса илм-фанга ишонмайди.

Айни вақтда АҚШ Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази тўлиқ эмланган одамлардан коронавирус юқиши хавфини истисно қилмаяпти.

Бразилия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат аҳолисининг 12 фоизигина COVID-19’га қарши вакцинанинг иккала дозасини ҳам олган. Аксарият экспертлар аҳолининг катта қисми эмланганидан кейингина ниқоблардан воз кечиш мумкинлигини айтмоқда.

Буюк Британияда локдаунни юмшатиш тўрт ҳафтага кечиктирилди

Буюк Британия ҳукумати коронавирус тарқалиши муносабати билан киритилган чекловларни бекор қилишни тўрт ҳафтага кечиктиришга қарор қилди.

Бундан аввал локдаунни юмшатиш 21 июнга режалаштирилган эди. Бош вазир Борис Жонсон чекловларнинг амал қилиш муддати узайтирилганини тасдиқлаши кутилмоқда. Шундан кейин бу қарор Жамоатчилик палатасида овозга қўйилади.

13 июнь ҳолатига Британияда 7490 кишида коронавирус тасдиқланди, шуларнинг 8 нафари вафот этди. Мамлакатда касалланиш ҳолатларининг 91 фоизини «ҳиндча» штамм ташкил этади.

Айни вақтда Буюк Британия аҳолисининг 41 миллиондан ортиғи битта, 30 миллионга яқини эса иккита дозада COVID-19’га қарши эмланган.

Коронавируснинг «ҳиндча» штаммида симптомлар қандай бўлади?

COVID-19’нинг мутациясига қараб асосий симптомлар ҳам ўзгариши мумкин, деди Россия Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимояси ва одам фаровонлиги соҳасидаги назорат бўйича федерал хизмати Эпидемиология марказий илмий-тадқиқот институти директор ўринбосари Наталя Пшеничная.

Унинг айтишича, «ҳиндча штамм»да қорин ва бўғимларда оғриқлар, кўнгил айниши, иштаҳанинг ва ҳатто эшитиш қобилиятининг йўқолиши кузатилиши мумкин. Олима ҳинд шифокорларига таяниб, маълум қилишича, беморларда кўпинча оёқлар микротромбози (бу гангрена ривожланишига олиб келиши мумкин) ва диарея учрайди, иситма, йўтал ва ҳид билиш қобилиятининг йўқолиши эса камроқ учрайдиган белгилар.

Пшеничнаянинг сўзларига кўра, баъзи ҳолларда асосий симптомларнинг ўзгариши одамнинг иккита вирусни бир вақтда юқтириб олиши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.