Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида 10 июнга ўтар кечаси ҳудудий Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари, 41 ёшли Азизбек Аҳмедов йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг машинасида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Ички ишлар вазирлиги (ИИВ)нинг 11 июндаги баёнотида Аҳмедов ЙПХ ходимлари томонидан ушланиб, «ўта маст ҳолатда бўлгани гумон қилиниб, тиббий кўрикдан ўтиш учун таклиф қилинганида, фуқаро ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан фаол қаршилик кўрсата бошлагани, шу вақт оралиғида тиббий кўрикка олиб бориш учун транспорт воситасига ўтқазилган фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, воқеа жойига тез тиббий ёрдам хизмати чақиртирилгани, бироқ кўрсатилган муолажаларга қарамай, фуқаро А.А. вафот этгани» таъкидланади.

Марҳум Азизбек Аҳмедов.

Фото: «Дарё»

Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган, тергов устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган. Ўз навбатида, Ўзбекистон Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мазкур ҳолат бўйича ўрганиш натижалари маълумотларини кенг оммага эълон қилишини билдирган. «Ҳолат юзасидан якуний хулоса, тергов жараёнлари ўз ниҳоясига етгандан сўнг маълум бўлади», — дейилади Сенат қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳоновнинг баёнотида. Шунга қарамай, ИИВ ушбу воқеа бўйича ёлғон, нохолис ахборот тарқатганлар жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантираётган бўлса-да, машъум воқеа атрофидаги гап-сўзлар тинмаяпти.

«Дарё» мухбири ҳолатга бир қадар аниқлик киритиш, воқеа тафсилотларини гувоҳлар иштирокида ўрганиш мақсадида суриштирув олиб борди.

Воқеа гувоҳлари

ИИВ расмий баёнотида таъкидланишича, 10 июнга ўтар кечаси соат тахминан 00:50 да Каттақўрғон тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари туманнинг «Кадан» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-243 йўлининг Навоий ва Мустақиллик кўчалари кесишмасида жамоат тартибини сақлаш бўйича тунги хизмат вазифасини бажараётган вақтида, Азизбек Аҳмедов бошқарувидаги Cobalt светофорнинг қизил чироғидан тўхтамай, ЙПХ ходимларининг тўхташ ишорасига бўйсунмай, машинада юқори тезликда ҳаракатланиб, яширинмоқчи бўлган. «Ҳудуддаги 4Р-243 йўлининг 7-километрига етганида, Cobalt йўл ўртасида тўхтаб, ҳайдовчи автотранспортни ташлаб, пиёда қочишга уринган», — дейилади ИИВ баёнотида.

ИИВ матбуот хизмати каттақўрғонлик ЙПХ ходимларининг бодикамерасидан олинган видеоёзувларни ҳам эълон қилган, бироқ унда Азизбек Аҳмедовнинг пиёда қочишга урингани кўринмаган. Видеода вазият Cobalt сиқиб тўхтатилганидан сўнг, бирдан Аҳмедовнинг қўллари ортга қайириб турилган жойидан бошланган. Аниқланишича, мазкур ҳолат Кадан шаҳарчасидаги 1-сонли касб-ҳунар мактаби (собиқ коллеж) рўпарасида содир бўлган (бу жой бир вақтнинг ўзида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2-сектор штаби ҳам ҳисобланади).

Воқеанинг исми сир қолишини сўраган гувоҳларидан бири «Дарё» мухбири билан суҳбатда ЙПХ ходимларининг Азизбек Аҳмедовни Spark’га ўтказишга кучи етмагани, жисмонан бақувват бўлган марҳум солиқчи уч нафар ЙПХ ходимини коллеж томонга судраб киргазганини айтади (ИИВ баёнотида таъкидланишича, бу вазиятда «ўта маст» деб гумон қилинган Аҳмедовни ЙПХ ходимлари «тиббий кўрикдан ўтиш учун таклиф қилаётган» бўлган, бироқ фуқаро йўл назоратчиларининг Spark’ига ўтиришга фаол қаршилик кўрсатган).

«Cobalt ва Spark ёнма-ён келди. Spark’дан уч нафар ЙПХ ходими тушиб, Cobalt эгасини машинадан тушириб олди. Улар ҳайдовчини Spark’га тиқаман деганда, у ичкарига кирмай, уларни четроққа суриб борди. Кейин амаллаб Spark’ка тиқишди. Мен бўлди энди, олиб кетади деб, бепарво бўлдим. Озгина вақт ўтгач қарасам, Cobalt’нинг эгаси ерда ётган экан», — дейди ҳодиса гувоҳи. Унинг қўшимча қилишича, «марҳум маст бўлгандир, аммо ўзини йўқотиб қўйгани йўқ; қўйворинглар, қанча ‘оклад’ бўлса ҳам жаримани тўлайман, дея бақирарди».

Коллеж қоровули Шарофиддин Эргашев «Дарё» мухбири билан суҳбатда ЙПХ ходимлари марҳум Азизбек Аҳмедовни Spark’да тахминан 10—15 минут ушлаб турганини билдирди.

Шарофиддин Эргашев.

Фото: «Дарё»

«Ўша куни соат 00:10 да атрофни айлангани чиқдим. Орқада ҳам қоровул бор. У билан 15 минутча гаплашиб келсам, бу ерда ғала-ғовур бўлаётган экан. Шовқинни эшитиб, тезроқ келишга ҳаракат қилдим. Келсам, ЙПХ ходимлари ўша одамнинг қўлини қайириб, Spark’га мажбурлаб тиқаётган экан. Мен ичкаридан кузатиб тургандим. Машинага тиққанидан сўнг, 10—15 минут ўтиб, олиб чиқишди. Кейин тез ёрдамга қўнғироқ қилишди», — дейди.

Шарофиддин Эргашевнинг қайд этишича, машина ичида нима бўлгани унга эшитилмаган, бироқ фуқаро ундан ҳушсиз ҳолда олиб чиқилган (бу ЙПХ ходимларининг бодикамерасидан олинган видеоёзувларда ҳам акс этган). Воқеа жойига чақирилган тез ёрдам бригадаси эса фуқаронинг жони узилиб бўлганини билдириб, мурдани олиб кетган.

Туман тез тиббий ёрдам бўлими навбатчи шифокори Аббос Иброҳимовнинг сўзларига кўра, Кадандаги коллеж олдидан чақирув соат 00:39 да тушган. «Борганимизда бемор ерда ётган эди. Беморнинг қон босимини, нафас олишини текширдик. Кўз қорачиғини кўрганимда у кенгайган экан. Артериал қон босими нолда эди, пулс йўқ экан. Нафас олмаётганди. Шунда беморнинг ўлганига амин бўлиб, ички ишларга айтдик, улар ёрдам кўрсатинглар деди. Биз ёрдам берган бўлсак-да, бемор ўлиб бўлган эди», — деди у.

Аббос Иброҳимов.

Фото: «Дарё»

Иброҳимовнинг қўшимча қилишича, у беморнинг кимлиги ва қаердан келганини сўраганида, унга марҳумнинг 5—7 дақиқа аввал шу ерга келганини айтишган. «Бошқа гапни билмайман. Мастлик ҳолатига келсак, маст бўлган бўлиши мумкин, аммо мен ўша вақтда спиртли ичимлик ҳидини сезмадим», — дея таъкидлади тез ёрдам шифокори.

Соат 1:09 да Азизбек Аҳмедовнинг мурдаси туман тез тиббий ёрдам бўлимига олиб келинган. Мурдани кўрикдан ўтказган врач-терапевт Абдужалол Абдураҳимовнинг сўзларига кўра, «кўрик пайтида тана нисбатан совиган, ўлим белгилари бор, ҳаётий органларнинг бирортаси ишламаётган эди».

Абдужалол Абдураҳимов.

Фото: «Дарё»

«Кўрик давомида ўнг кўз атрофида кичкинагина шилинган жойи («царапина») бор эди. Биз беморнинг кийимларини ечиб тўлиқ текшириб кўрганимизда, танасидан ҳеч қандай жароҳатларни кўрмадик», — дея таъкидлади у (марҳумнинг қариндошлари «Kun.uz» мухбири билан суҳбатда унинг жасадида куч ишлатилганлик излари борлигини таъкидлаган, хусусан, маййитни ювган қариндошлар унинг иккита қўлида бармоқ излари, бўйнида ва юзида шилинган жароҳатлар борлигини айтган).

Марҳумнинг қариндошлари

Самарқанд вилоят прокурори Равшан Машарипов марҳум Азизбек Аҳмедовнинг амакиси Исомиддин Жамоловдан «ҳаммага интервью берманг деб илтимос қилган» бўлса-да, унга ота ўрнида ота бўлган қариндоши журналистларга ўз фикрини очиқ баён қилмоқда. «Агар жиянимнинг ўлими билан боғлиқ ҳолат адолатли кўрилмаса, мен жамиятга ишонмайман. Вилоят прокурори ишни шахсан ўзи назоратга олганини айтди. Мен прокурорнинг лафзига ишондим... Агар жиянимнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатда адолат қарор топмаса, мен бу жамиятдан норозиман», — деди амаки.

Фото: «Дарё»

Исомиддин аканинг таъкидлашича, «жияни бирор маротаба касал бўлмаган, ҳатто таблетка ҳам ичмаган, бирор марта шифохонага ҳам ётмаган эди» (Каттақўрғон туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Акбарали Қулмирзаев ҳам журналистлар билан суҳбатда вафот этган ўринбосари намунали ходим бўлгани, ҳеч қачон соғлиғидан шикоят қилмагани, ҳатто коронавирусга ҳам чалинмаганини айтиб ўтган).

«ЙПХ ходимлари жияним ўлиб бўлгач тез ёрдамга қўнғироқ қилган, машинадан тушириб ташлаган. Агар мард бўлганида машинага солганидан сўнг, тезроқ шифохонага олиб борарди (маълумотларга кўра, воқеа юз берган жой билан туман тиббиёт бирлашмаси оралиғидаги масофа тахминан 750 метр бўлган — «Дарё»). Ичган бўлса жазосини берсин, жаримасини қўлласин эди!», — дея қўшимча қилди амаки.

Муҳаббат Аҳмедова.

Фото: «Дарё»

Марҳумнинг онаси Муҳаббат Аҳмедованинг айтишича, ўғли жуда меҳрибон, биров билан хусуматда бўлмаган, «ҳеч кимга ёмонлик қилмаган» эди. У ўз фарзандларидан ташқари 2011 йилда вафот этган синглисининг икки боласини ўз қарамоғига олган, воқедан бир кун аввал фарзандларини Қоракўлдаги махсус мактабга ўқишга олиб боришини айтган эди.

«Менинг болам тилла бола эди... Нима учун менинг шундай боламни азоблаб ўлдиришди? Нега азоб берди? Гуноҳи бўлса айтсин эди... Нима учун азоб берган? ЙПХ ходимлари нега боламга азоб бериб ўлдиради? Қонуний иш кўрмаса, рози эмасман», — дейди марҳум Азизбек Аҳмедовнинг онаси Муҳаббат опа.

Фото: «Дарё»

Муаллиф:Фарҳод Норбўтаев