Исроил Кнессети (парламенти) аъзолари март ойида бўлиб ўтган сайлов натижалари бўйича «Еш Атид» ҳамда «Ямина» партиялари раҳбарлари Яир Лапид ва Нафтали Беннет томонидан тузилган янги ҳукуматни тасдиқлади. Бу ҳақда Times of Israel газтеасига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: Reuters

Хабарга кўра, Беннет бошчилигида тузилган янги ҳукумат учун 120 депутатдан 60 нафари овоз берди, 59 нафари қарши чиқди, биттаси бетараф қолди. 2009 йилдан бери 12 йил давомида бош вазир лавозимини эгаллаб келаётган Бинямин Нетаньяху ҳукуматдаги фаолиятини тўхтатди.

«Ямина» партияси раҳбари Беннет мамлакатнинг 13-бош вазири сифатида қасамёд қабул қилиб, «Исроил ва унинг қонунларига содиқ қолишга, бош вазир вазифаларини ва Кнессет қарорларини сидқидилдан  бажаришга» ваъда берди.

«Еш Атид» партияси етакчиси Лапид эса «Вазирлар Маҳкамасининг муқобил раҳбари»га айланди — икки йилдан сўнг у Беннет билан жой алмашади. «Еш Атид» депутати Мика Леви Кнессет спикери этиб сайланди.

Коалиция «Ўзгаришлар блоки» деб номланди, унинг таркибига саккизта партия киритилди: «Еш Атид», «Ямина», «Тиква Хадаша» («Янги умид»), «Исроил — уйимиз», «Кахоль-Лаван» марказчи иттифоқи, «Авода» марказий сўл социал-демократик партияси, «Мерец» ва «Раам» чап қанот социал-демократ партиялари. Ҳукуматда энди Нетаньяхунинг «Ликуд» партияси вакиллари бўлмайди.

Исроилда муддатидан олдин парламент сайловлари 23 март куни бўлиб ўтган эди. Шундан сўнг Нетаньяху ҳукумат тузишни бошлади. 5 май куни бунинг учун ажратилган вақт ниҳоясига етди. Муддат тугашидан бироз  олдин Нетаньяху президентга ҳукумат тузолмаслигини айтди ва ўз мандатини қайтариб берди. Шундан сўнг, мандат Лапидга берилди.

Нетаньяху июнь бошида янги тузилган ҳукумат коалициясини демократия тарихидаги «сайловнинг энг катта фирибгарлиги» натижаси деб таърифлади.

Нетаньяху 1996—1999 йилларда Исроилнинг бош вазири бўлиб ишлаган,  кейинчалик 2009 йилда яна ушбу лавозимни эгаллаган. Бунгача у тўрт йил давомида Кнессетдаги мухолифатнинг етакчиси бўлган.

Исроилда президент асосан маросим ва вакиллик вазифаларини бажаради. Ҳақиқий ҳукумат бош вазирнинг қўлида бўлади.