Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида юк ортиш қоидаларини бузиб ҳаракатланаётгани учун ЙҲХБ ходимлари томонидан тўхтатилган ҳайдовчилар М39 халқаро автомобиль йўлини ёпиб қўйган, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 2021 йил 4 июнь куни соат 6:15 ларда Жиззах вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари Ғаллаорол туманида жойлашган «Сангзор-15» ЙПХ масканида юк ортиш талабларини бузган ҳайдовчиларга чора кўриш учун рейд ўтказган. Улар юк ортиш қоидаларини бузган ҳолда пичан, беда ва сомон боғламларини белгиланган ўлчамлардан ошиқ қилиб ортган юк машиналарини тўхтатган ва қоидабузарликларни расмийлаштира бошлаган.

Ўша пайтда бир гуруҳ ҳайдовчилар ЙПХ ходимларининг хатти-ҳаракатига норозилик билдириш мақсадида ўз бошқарувидаги юк машиналари билан М39 Олмаота–Тошкент–Термиз халқаро автомобиль йўлини тўсиб қўйган.

Оқибатда мазкур йўлда қатнов тўхтаб қолган ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари ўз машиналари билан ҳаракатлана олмаган.

ЙПХ ходимлари қисқа муддатда йўлни очиб, автомобиллар қатновини қайта тиклаган. Йўлни очиш пайтида айрим ҳайдовчилар ЙПХ ходимларига қаршилик кўрсатган. Баъзи ҳайдовчилар эса машинасини йўлнинг ўртасига қўйиб, ҳодиса жойидан кетиб қолган.

Таъкидланишича, мазкур ҳодиса юзасидан ҳуқуқбузарлик содир этган ҳайдовчиларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судига юборилган.

Суд ҳуқуқбузарларни Маъмурий кодекснинг 194-(ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик), 196-(ҳуқуқбузарлик сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва ички ишлар органларининг ёзма тақдимномаларини бажариш чораларини кўрмаслик) ва 201-(йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) моддалари билан айбдор деб топиб, Зомин туманида яшовчи беш нафар шахсга 10 сутка, бир нафар шахсга 12 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.

Бундан аввал Чироқчида ҳоким ваъдасини бажармагани учун «Афросиёб» поезд йўли тўсиб қўйилгани, Нукусда бир гуруҳ аёллар йўлни тўсиб қўйгани ҳамда Сирдарёда иш ҳақидан норози кластер ишчилари велосипедларда автомобиль йўлини тўсиб қўйгани ҳақида хабар берилганди.