Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Саудия Арабистонида ишлайдиган аёллар сони муттасил ўсиб бормоқда, деб ёзади Bloomberg. 1999 йилда уларнинг сони 500 мингдан кам бўлган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич қарийб 1,2 миллионга етди.

Фото: Getty Images

Аёлларни уйда олиб ўтириш — бу мамлакат ортиқ қурби етмайдиган дабдабага айланди. 35 ёшли валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон ас-Сауд тобора яқинлашиб келаётган нефть захиралари тугашидан кейинги келажакка тайёргарлик кўриш учун иқтисодиётни тикламоқда.

Яшаш нархининг ўсиб бориши ҳукуматни бензин ва электр энергияси учун субсидияларни камайтиришга, янги йиғимлар ва солиқларни жорий қилишга ундамоқда. Шундай бир вазиятда Саудиядаги уй хўжаликлари аёлларнинг ишлашига тобора қарам бўлмоқда.

Хорижий ҳукуматлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг босимига дуч келган мазкур давлат аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш орқали ўз обрўсини оширмоқчи, аммо бу ўзгаришлар фақат имиж билан чекланиб қолмаган, улар ҳақиқий.

Бир вақтлар диний полиция томонидан қатъий татбиқ этилган гендер нотенглигига нафақат пойтахт элиталари орасида, балки Қосим каби консерватив вилоятларда ҳам аста-секин барҳам берилмоқда.

Эндиликда қариндош бўлмаган эркаклар ва аёллар ресторанларда очиқ мулоқот қилиши мумкин. Умумий офислар, шунингдек, мусиқа фестиваллари, бизнес ва профессионал конференциялар тобора кўпайиб бормоқда.

Иқтисодиёт ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришларни белгилайди — урф-одатлар орқа планда қолиб, аёллар ҳаёти тубдан ўзгариб бормоқда.

1999 йилдан 2020 йилгача Саудия Арабистонида иш билан таъминланган аёллар сони.

1999 йилдан 2020 йилгача Саудия Арабистонида иш билан таъминланган аёллар сони.
Фото: Spot

Гарчи қарор қабул қилиш, асосан, эркаклар қўлида қолса-да, беш йил давомида аёлларнинг иқтисодиётдаги иштироки 19 фоиздан 33 фоизгача ўсди.

2015 йилда вафот этган қирол Абдуллоҳ даврида бошланган ислоҳот қадам-бақадам жиддий ўзгаришларни амалга ошираётган шаҳзода Муҳаммад даврида кескин тезлашди — унинг қўллаб-қувватлаши билан диний полициянинг ваколатлари чекланиб, аёлларнинг автомашина бошқаришига қўйилган тақиқ бекор қилинди.

Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ас-Сауд.

Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ас-Сауд.
Фото: Spot

Шаҳзода, шунингдек, мамлакатдаги васийлик сиёсатининг ўзгартирилишига, аёлларга ҳаракатланиш ва ташқи кўриниш эркинлиги кўпроқ берилишига эришди.

«Аҳолининг 50 фоизини уйда олиб ўтиришинг иложи йўқ, бу иқтисодий жиҳатдан беқарор ҳолат», — дейди Алнаҳда бош мутахассиси Салма Ар-Рашид.

Шаҳзода Муҳаммаднинг ўзи ҳам шу фикрда. У камдан кам интервью беради, лекин 2016 йилдаги интервьюсида у жамиятнинг ярмини аёллар ташкил қилишини ва ушбу ярим аҳолининг самарадорлигини ошириш истагида эканини айтган.

Иқтисодиётга аёлларни жалб қилиш — «2030 йилга қадар мақсадлар » дастурининг асосий тамойилларидан бири.

Маълумот учун, Саудия Арабистонининг «2030 йилга қадар мақсадлар» дастури мамлакатнинг нефтга қарамлигини камайтириш, иқтисодиётини диверсификация қилиш ва аҳоли соғлиғи, таълим, инфратузилма, дам олиш ва туризмни ривожлантириш дастуридир.

Мамлакатдаги ишсиз аёлларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи бакалавр ёки ундан юқори даражага эга. Шу сабабли, аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш мантиғи оддий — бир неча ўн йиллар давомида ҳукумат уларнинг таълимига сармоя киритган ва энди бу сармоялар ўз самарасини бериши керак.

Ҳаммаси у қадар оддий эмас

Мамлакатда эркаклар ҳукмронлик қиладиган соҳалар ҳали ҳам етарли, масалан, ишлаб чиқариш, қурилиш, саноат. Бироқ соғлиқни сақлаш, ижтимоий фаолият, санъат ва кўнгил очар, меҳмонхона саноати каби соҳаларда эркаклар ва аёлларнинг нисбати, тахминан, 1:1 ни ташкил қилади.

Маошларда ҳанузгача фарқ бор — эркаклар ишлаб топадиган ҳар 100 риал аёлларда 57 риалга тенг, ҳаттоки маълумот ва тажрибадаги тафовутлар мослашган тақдирда ҳам шундай. Фарқ юқори даражали касбларда айниқса сезилади. Компаниялар кенгашларида аёллар кам, Вазирлар Маҳкамасида эса фақат эркаклар ишлайди.

«Ҳа, биз аёллар учун иш топиш осон, аммо яхши маош берадиганини топиш қийин», — деб тасдиқлайди кийим дўкони сотувчиси 23 ёшли Саҳар. У ойига 3500 риал олади, яъни тахминан 933 доллар.

Жамият ривожланиб борган сари саудиялик эркакларнинг айримлари аёллар уларнинг иш жойларини ва оила бошлиғи сифатидаги анъанавий ролини тортиб олиши мумкинлигидан хавотирга тушди.

«Мен аёлларнинг ишга жойлашишда устувор бўлишига қаршиман. Фикримча, аёл киши уни қўллаб-қувватлайдиган одам бўлмаган тақдирдагина ишлаш керак», — дейди 25 ёшли тиш шифокори Язид.

Ҳолат қанчалик тортишувларга сабаб бўлмасин, Саудия Арабистонида аёлларни иш билан таъминлаш ҳолати аввалгидан анча фарқ қилади, дейди Bloomberg.

Ноха Каттан Спорт вазирлигида дастлабки аёл ходимлардан бири бўлиб иш бошлаганда, бинода ҳатто аёллар ҳожатхонаси ҳам бўлмаган. Ҳозирда у Маданият вазирлигининг миллий ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича вазир ўринбосари бўлиб ишлайди, у ерда 667 ишчининг 49 фоизини аёллар ташкил этади.

Саудия Арабистони маданият вазирининг ўринбосари Ноха Каттан.

Саудия Арабистони маданият вазирининг ўринбосари Ноха Каттан.
Фото: Spot

Каттаннинг таъкидлашича, Саудия Арабистонида беш йил ичида аёллар ҳожатхонаси бўлмаган бинодан аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги очиқча мулоқотгача етиб келиш — ақл бовар қилмайдиган ривожланишдир.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасига янги раҳбар тайинланди
Дунё
Грета Тунберг тўртинчи бор тинчлик бўйича Нобел мукофотига номзод бўлди
Маҳаллий