Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) матбуот хизмати Тошкент шаҳрида Porsche Taycan автомобили иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) ҳақида 29 май оқшомида — ҳодисадан тўрт кун ўтиб ахборот берди.

Фото: Telegram / @yhxbb_uz

Хабар беришларича, 1990 йилда туғилган С.А. исмли ҳайдовчи 25 май куни соат 16:50 ларда Porsche Taycan’ни Миробод тумани Тарас Шевченко кўчаси бўйлаб ҳайдаб кетаётиб, «бошқарувни йўқотган ва йўл четидаги ариқ устига тўхтаб қолган».

ЙҲХББ хабарида ҳайдовчи нима сабабдан бошқарувни йўқотгани айтилмаган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувларда Porsche ундан олдинда ҳаракатланаётган ва уч полосали йўлнинг қарийб иккинчи полосасидан чапга бурилмоқчи бўлган Spark’ни катта тезликда қувиб ўтишга уриниши вақтида йўлдан чиқиб кетганини кўриш мумкин.

«ЙТҲ натижасида тан жароҳати олган фуқаролар йўқ. Мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади ЙҲХББ ахборотида. Бош бошқарма барча ҳайдовчилардан «белгиланган қоидаларга, тезлик меъёрига, йўл белгилари ва чизиқлари талабларига риоя қилиш»ни сўраган.

28 май, жума куни ижтимоий тармоқларда хонанда Муниса Ризаеванинг синглисига тегишли Porsche Taycan автомобили аварияга учрагани ҳақида видеохабарлар тарқалган эди. Кейинроқ хонанда ҳам, унинг синглиси Карима ҳам бу хабарларни рад этиб, машина уйда бус-бутун турганини маълум қилди.

Маълумот учун, Муниса Ризаева апрель ойида синглиси Каримага яқинлашиб келаётган туғилган куни муносабати билан Porsche Taycan автомобилини совға қилгани ҳақида хабар берилган эди. Муниса Ризаеванинг ўз сўзларига кўра, бу автомобиль хариди учун тахминан 175 минг доллар сарфланган.