Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятининг Ховос туманида поезд аёлни иккига бўлиб юборгани ҳақида хабарлар тарқалди. ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, 24 май куни соат 13:30 ларда Сирдарё вилояти ИИБ ТХТБ навбатчилик қисмига Ховос—Тошкент йўналишидаги йўловчи электропоезди Ховос айланма йўлининг 2-километри 6-пикетида 25-30 ёшлар атрофидаги шахси номаълум аёл кишини уриб юборгани ҳақида хабар келиб тушган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида ушбу аёл 1999 йилда туғилган, Ховос тумани «Гулбаҳор» МФЙда яшаган Т.Ш. эканлиги ҳамда ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида электропоезд уриб юборганлиги аниқланган.
Аёл олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Ховос транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Наманганда наушник тақиб, темир йўл бўйлаб ҳаракатланган 19 ёшли йигитни поезд уриб кетгани, Тошкент шаҳридаги «Яланғоч» ва «Салар» темир йўл станциялари оралиғида наушникда қўшиқ эшитиб кетаётган 10-синфида ўқийдиган қизни поезд уриб юборгани, Тошкент вилоятида наушник тақиб, темир йўл бўйлаб ҳаракатланган икки аёлни поезд уриб кетгани ва улардан бири воқеа жойида вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)