Актриса Ситора Алимжонова «Мирсодиқова билан» YouTube каналига берган интервьюсида оналик бахтига эришиш учун тўрт йил даволангани ҳақида сўзлаб берди.

«Мен роса ҳаракат қилдим, даволандим роса. 4 йил фарзанд бўлмади, орада бир бўлиб тушиб қолди, яна даволандим. Кейин ташлаб қўй, дейишди. Кейин Худо ўзи ғойибидан берди. Кутмаганингизда бўларкан ҳамма нарса, шунинг учун кутмаслик керак экан», — дейди актриса.

Ситора Алимжонованинг айтишича, унда туғруқ жараёни ҳам оғир ўтган.

«Туғруқ жараёнида жуда қийналдим, буни эслашни ҳам хоҳламайман. Мен ўзи оғриққа йўқман. Кўзим кўрмай қолди. Кесарча кесиш йўли билан туғдим, лекин  дардни ҳам кўрдим. Операция режалаштирилмади. Боланинг туғилишига ҳали олти-етти соат вақт бор эди, лекин жуда қаттиқ оғриқдан кўзим кўрмай қола бошлади. 6-7 соат ичида нимадир бўламан, деб операцияга рози бўлдим. Лекин бу гапимдан ҳомиладорлар қўрқиб қолмасин. Бу нарсалар ўтиб кетади, ўша куннинг ўзидаёқ туриб юриб кетдим», — дейди Ситора Алимжонова.

Актриса она бўлишнинг ўзига яраша қийинчиликлари ҳақида ҳам сўзлаб берди.

«Одатда чақалоқлар кўп ухлар экан. Ҳамманинг боласи 20 соат ухлаб, 4 соат уйғоқ бўлса, меники 4 соат ухлаб, 20 соат уйғоқ бўларди, уйқуга тўймасдим. Кейин фарзандим ётқизиб кўтаришимизни ёқтирмайди, уни доим тикка қилиб кўтаришимиз керак. Ҳозир, айниқса, эмаклаб кетган, ухлашни истамайди. Ухлатай десам, жанжал қилиб ташлайди», — дейди актриса.