ИИВ ЙҲХББ ижтимоий тармоқларда «Ойша хола исмли ЙПХ ходими» сарлавҳаси остида тарқалган видеолавҳа юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, 30 апрель куни Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори Ф.Мавлонов Қуйи Чирчиқ туманида хизмат олиб бораётган вақтида меъёрий ҳужжатларини текшириш мақсадида Lacetti русумли автомобилни тўхтатган. Текширув жараёнида ҳайдовчи 2004 йил туғилган А.А.нинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари йўқлиги (ёши тўғри келмаслиги) аниқланган.

Ходим маъмурий баённома расмийлаштириб, автомобиль жарима майдонига юборилишини айтгандан сўнг, ҳайдовчи ходимга нисбатан фаол қаршилик кўрсатган ва видеога олишни бошлаган.

Таъкидланишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Фуқаро А.А.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқилиши учун Жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман судига юборилган.

Аввалроқ Тошкентда ЙПХ инспектори ҳайдовчига ўрта бармоғини кўрсатгани, пойтахтда қуввати тугаганини айтиб, ишламаётган бодикамера билан текширув ўтказган ЙПХ ходимига чора кўрилгани ҳамда Самарқандда ЙПХ инспекторлари фуқарони куч ишлатиб, хизмат машинасида олиб кетгани акс этган видео бўйича расмий изоҳ берилгани ҳақида хабар берилганди.