Сирдарё вилоятида 9 май кунги байрам тадбири давомида давлат мадҳияси ижроси вақтида ҳуқуқ-тартибот идораларининг раҳбар ходимлари қўлини қаерга қўйиши билмай, ноқулай аҳволда қолгани тўғрисида хабар берилганди. Мазкур ролик Хитой ижтимоий тармоқларида ҳам тарқалган бўлиб, ҳозирга қадар у 5,57 миллион мартадан ортиқ томоша қилинган.

Скриншот: Weibo

Repost’нинг ёзишича, яна бир Хитой платформасида ўзбекистонлик ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иштирокидаги видео 5,75 миллион мартадан ортиқ кўрилган.

Скриншот: Weibo

Эслатиб ўтамиз, 9 май кунги тадбирда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев байрам нутқи билан чиқиш қилган. Унинг чиқишидан сўнг Ўзбекистон давлат мадҳияси ижро этилган. Мадҳия ижроси вақтида ҳокимнинг ортида турган ҳуқуқ-тартибот идораларининг раҳбар ходимлари қўлини қаерга қўйиши билмай, ноқулай аҳволда қолган.

Маълумотларга кўра, тадбир дастлаб вилоят ҳокимлигининг Facebook’даги саҳифаси орқали жонли эфирда кўрсатилган, ҳуқуқ-тартибот идораларининг раҳбар ходимлари билан боғлиқ вазият видеопарчаси ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетгач, видео ўчирилган.

Маълумот учун, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига кўра, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси кўпчилик ҳузурида ижро этилганда... ҳарбий ёки давлатнинг бошқа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб тинглайди».