29 апрелдан буён уй қамоғида бўлган блогер Миразиз Бозоровга Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисмининг «г» банди (ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) билан айблов эълон қилинди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» унинг адвокати Сергей Майоровга таяниб хабар қилди.

Миразиз Бозоров.

Фото: Facebook / Миразиз Базаров

Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилишича, 1 апрель кунидан 20 апрелга қадар фуқаролардан 28 та ариза, шунингдек, Миробод тумани 110-сон умумтаълим ўрта мактаби ўқитувчиларидан жамоавий ариза келиб тушган ҳамда унда Миразиз Бозоровга нисбатан қонуний чора кўришни талаб қилишган.

Баёнотга асосан, блогер интернетда жойлаган видеоларида «ушбу фуқароларни ва уларнинг қариндошларини ҳақорат қилгани, уларни террористик ташкилотлар билан ҳамкорликда айблаб туҳмат қилгани, миллий анъаналарни оёқости қилиб, аёлларнинг шаънига путур етказаётгани ҳамда миллатлараро низо уйғотгани» акс этган.

Адвокат Сергей Майоровнинг айтишича, Миразиз Бозоровга учта блогер иши бўйича ҳам айблов қўйилган.

«Дастлаб 28 апрелда унга нисбатан айблов эълон қилинди. Унда Бозоров туҳмат қилганликда гумон қилинаётгани айтилган. У ҳозирда гумон қилинувчи мақомида. Аризада фақат 110-мактаб ўқитувчилари тилга олинганди. Қонунга биноан эҳтиёт чораси қўлланилган бўлса, унга нисбатан 10 кун ичида айблов эълон қилиниши керак эди.

Кейинроқ 8 май куни унга нисбатан 110-мактабнинг ўқитувчилари ҳамда Бозоровга таъқиб бошлаган учта блогернинг аризасига биноан туҳмат қилиш бўйича айблов эълон қилинди», – деди унинг адвокати.

Миразиз Бозоровнинг ўзи Telegram-каналида учта блогер номини таъкидлаб ўтган. Улар – Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий), Шуҳрат Мусаев ва Абусолиҳ Салимов (АбуСолиҳ Fox). Бозоровнинг таъкидлашича, ушбу уч блогер ўз обуначиларини унга қарши «қўзғаган».

У, шунингдек, айтилган блогерлардан бири унинг манзилини «ўлдиришга чақириқ билан» эълон қилганини даъво қилди. Унинг сўзларига кўра, таҳдидлар тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига қилган мурожаатларига эътибор берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бир жинсли муносабатларнинг қонунийлаштирилишига қарши бўлган фаоллар 28 март куни ўз норозиликларини билдириш мақсадида Тошкент марказидаги Амир Темур хиёбони олдида тўпланганди. Кейинроқ Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ЛГБТ фаолларига қарши норозилик ҳолатидан сўнг 12 киши ушланганини маълум қилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Шербек Бўронов, Гулбаҳор Сайдғаниева ва Гулруҳ Агзамова сўнгги кунларда Тошкентда юз берган воқеаларга ўз муносабатларини билдирди.

Депутат Алишер Қодиров ЛГБТ тарғиботига қарши «юмшоқ жазо»ни кучайтиришга, Расул Кушербаев эса провокаторларга чора кўришга чақирди. Кейинроқ ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилган блогер Миразиз Бозоров ўз уйи олдида дўппослаб кетилгани маълум қилинди.

Ушбу можаролар ҳақида 30 март куни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам муносабат билдириб, халқаро ташкилотларни Ўзбекистон ёки бошқа ҳар қандай давлатга бирор талаб қўйишдан олдин миллатнинг менталитети, дини, маданияти, урф-одатларини инобатга олишга чақирди. АОКА эса ЛГБТ можаролари ҳамда шу билан боғлиқ воқеалар юзасидан блогер ва ижтимоий тармоқ фаолларига мурожаат қилди.

Бундан ташқари, БМТ Тошкентда содир бўлган «хавотирли воқеалар»ни холис тергов қилишга чақирди.