Ўзбекистонда айрим тоифадаги фуқароларга белгиланган муддатдан олдинроқ пенсияга чиқишга рухсат берилди, деб хабар берди Норма.

Фото: «Дарё»

Бу бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг тегишли қарори билан белгиланди. Қарор 4 майдан кучга кирди.

Ҳужжат қуйидаги асослар бўйича меҳнат шартномаси бекор қилингани муносабати билан ишдан бўшатилган ходимларга пенсияларни муддатидан олдин тайинлаш тартибини тартибга солади:

  • технология ўзгариши, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этиш, иш ҳажмининг камайиши сабабли ходимлар сонининг (штатининг) ўзгариши ёки иш характерининг ўзгариши ёки корхонанинг тугатилиши.

Шунингдек, қуйидаги шахсларга, агар улар расмий равишда ишсиз деб топилса ва керакли иш стажига эга бўлса, эрта пенсия олиш ҳуқуқи берилади (умумий асосда пенсия тайинлашнинг қонуний муддатидан икки йил олдин). Бунда:

  • эркаклар — 58 ёшга тўлганида ва иш стажи камида 25 йил бўлса;
  • аёллар — 53 ёшга тўлганида ва камида 20 йиллик иш стажига эга бўлса.

Бундан аввал Ўзбекистонда 2022 йил 1 июлдан бошлаб давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан қатор ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилиниши, Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони маълум қилингани ҳамда Фарғонада вафот этган фуқароларга қарийб 20 миллион сўм пенсия тўланганлиги маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди.