Наманган вилоятида маст фуқаро ўзидан 14 ёш катта танишини уриб, ўлдириб қўйди, дея хабар бермоқда Тергов департаменти.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг 6 май куни соат 22:00 ларда Поп тумани Ҳазратибоб шоҳ кўчаси ҳудудида 38 ёшли Д.У. 52 ёшли Г.Т. билан маст ҳолатда ўзаро жанжаллашиб қолишлари оқибатида унинг юз қисмига бир маротаба мушти билан урганида Г.Т. бўй баравар йиқилиши натижасида ҳодиса жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Поп тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Д.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов ҳаракатлари давомида марҳум Г.Т. Д.У.ни ёшлигида содир қилган ўғрилигини эслатиб, мазах қилиб, унинг юз қисмига бир шапалоқ ургани натижасида ушбу жиноят келиб чиққани аниқланган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Бундан аввал Андижонда хонадонида ижарада яшаётган аёлнинг 3 ёшли фарзанди устига қайноқ сув қуйиб, боланинг ўлимига сабабчи бўлган эркак 8 йилга қамалгани, Тошкентда «ҳаво шарлари» сотувчилари ўртасида келиб чиққан жанжал оқибатида бир киши пичоқлангани ҳамда Сурхондарёда тўсатдан вафот этгани айтилган шахс, калтаклаб ўлдирилгани аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)