Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Исроил полициясининг Рамазон ойида Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақса масжиди ҳудудида бўлиб ўтган операциясини танқид қилди, деб ёзмоқда Meduza.

Фото: Google Images

Ўзининг Telegram каналида у Исроилдан «қонунбузарлик» ва «энг мураккаб шаклдаги провокация» учун фаластинликлардан кечирим сўрашни талаб қилди.

Шарқий Қуддусдаги қонунбузарлик зудлик билан тўхтатилиши керак. У барибир тўхтатилади. Бунга шубҳа қилманг. Мусулмонлар масжидга бундай мунтазам, шавқатсиз ҳужумларнинг ва диндорларга бўлаётган тазйиқларнинг тугашини сабр-тоқат билан кутмаслигини ҳамма тушуниши керак. Унутманг, Ал-Ақса барча ислом динига эргашувчилар учун учта энг муҳим қадамжолардан бири ҳисобланади.

Сиз менинг сўзларимни истаганингизча қабул қилишингиз мумкин, лекин биз мусулмонлар ҳеч кимнинг муқаддас зиёратгоҳларимизни топташига йўл қўймаймиз. Агар керак бўлса, биз Ал-Ақсани қутқариш ва ўз эътиқодимиз учун жонимизни аямаймиз.

Рамзан Қодиров, Чеченистон президенти

Ал-Ақса масжиди ҳудудида Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасида тўқнашувлар 7 май, жума кунидан бери давом этмоқда. Тўқнашувлар натижасида бир неча юз киши жабрланди. Қарама-қаршиликлар Қуддус шарқидаги бир нечта фаластинлик оилаларни уйларидан ҳайдаб чиқариш тўғрисидаги суд қароридан кейин бошланди.

Аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров колонияда жазо ўтаётган россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг Қуръон тиловат қилмоқчилигини танқид қилган эди.