2021 йилнинг 6 майидан 7 май кунига ўтар кечаси соат 01:00 дан 03:30 га қадар Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридаги «Тейит» ва «Хидирша» маҳаллаларида кучли сел келиши туфайли бир нечта хонадон зарарланган. Ёғингарчилик оқибатида бир оиланинг икки нафар вояга етмаган фарзанди селда оқиб кетиб, вафот этган.

Фото: Фазлиддин Муқаддасов

«Дарё» мухбири фавқулодда ҳолат юз берган ҳудудда бўлиб, маҳалла аҳолиси билан учрашди ва табиий офат қандай юз берганига аниқлик киритишга уринди.

Фото: Фазлиддин Муқаддасов

Таъкидланишича, 7 май куни Хонобод шаҳрида соат 00:30 дан бошлаб 40-45 дақиқа давомида кучли ёғингарчилик кузатилган. Натижада катта миқдорда сел тошқин сувлари халқ тилида Қирғиз канали деб номланувчи «Ўнг қирғоқ» каналининг ПК38+00 қисмига зарар етказган. Шунингдек, каналнинг ПК42+00 дан ПК43+00 гача бўлган қисми шағал билан тўлиб қолиши оқибатида шаҳардаги «Тейит» маҳалласининг иккита кўчасида жойлашган хонадонларга катта талафот етган. Ҳудудда жойлашган 25 гектар суғориладиган ер майдони ҳам зарарланган.

Фото: Фазлиддин Муқаддасов

Шу ерда яшовчи Гулнора Ҳошимованинг айтишича, бундай ҳолат бундан саккиз йил аввал ҳам юз берган. Унда ҳам юзлаб хонадонлар жуда катта зарар кўрган.

«Бу ерга кўчиб келганимизга ўн беш йилдан ортди. Бундай фавқулодда вазият сўнгги ўн йил ичида иккинчи маротаба содир бўлмоқда. Унда ҳам мана шундай оғир талафотларни бошимиздан ўтказганмиз. Юзлаб хонадонлар жуда катта зарар кўрган. Тўғрисини айтиш керак тоғли ҳудуд бўлганимиз учун ёғингарчилик кўп бўлади. Шу сабабли ‘бирор нарса юз бермаса эди’, деган қўрқувда яшаймиз. Чунки, озгина ёмғир ёғса тепамиздан оқиб ўтадиган Қирғиз канали тошиб кетади. Нега бундай бўлади? Чунки каналдаги сув оқими назорат қилинмайди. Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш учун эҳтиёт чоралари кўрилмайди. Тегишли ташкилотларга тозалаб беришларини сўраб мурожаат қилавериб, қийналиб кетдик. Ҳеч ким эшитмайди. Агар кўрган бўлсангиз, каналнинг бир қисми бетон билан қопланган еридан ўтган. Айнан ўша ерни шағал тўсиб қолиб, сув қаерга кетишини билмаган ва канал бўйи тўлиб тошган», — дейди Гулнора Ҳошимова.

Фото: Фазлиддин Муқаддасов

Шу ҳудудда яшовчи Умида Норбўтаеванинг айтишича, 7 май куни эрталаб меҳмондорчиликдан уйига келганида ҳовлиси таниб бўлмас даражага келган.

«Кеча қизимникига меҳмондорчиликка бориб, ўша ерда қолгандим. У томонларда бунақа тошқин бормагани учун бунақа ҳолат юз берганини тасаввуримизга ҳам сиғдирмагандик. Эрталаб келиб эшикни очганимни биламан дарвозадан тизза бўйи лой оқди. Ҳовлини қарасам кўриб бўлмайдиган аҳволда, ‘навес’лар, уйимизни ер тўласи сув билан тўлган, деворларимиз ағанаган, товуқларимиз сувга чўкиб ўлган. Ҳамма жой лой, юриб бўлмайдиган ҳолатда эди. Эрталабдан ёрдамчилар келиб, катта ёрдам беришяпти. Асосийси ўзимиз соғмиз. Лекин қўшнимнинг фарзандлари оқиб кетганини эшитиб, биз ҳам чуқур қайғудамиз», — дейди Умида Норбўтаева.

Умида Норбўтаева.

Фото: Фазлиддин Муқаддасов

Фуқаро Нурхон Бобоеванинг айтишича, тунги соат 10-11 да қаттиқ момақалдироқ бўлиб, чақмоқ чаққан ва ёмғир ёға бошлаган. Сел оқими биринчи галда унинг ва ён қўшниларининг ҳовлисига зарар етказган.

«Одатдагидек қизим билан кечга яқин ухлаш учун айвонга чиқиб ётдик. Тунги соат 10-11 да қаттиқ момақалдироқ бўлиб, чақмоқ чақиб, ёмғир бошланди. Аввалига эътибор бермадик. Лекин ҳеч қанча ўтмасдан кўчадан бақир-чақир эшитилди. Чиқамиз деб ҳаракат қилсак, эшигимизнинг таги шағал ва лой билан тўлиб кетган, юргани йўл қолмаган экан. Тепадан катта сув оқими ҳам келаётганди. Шунинг учун ташқарига чиқишга қўрқиб эрталабгача ҳеч қаерга қимирламасдан уйда ўтирдик. Кун ёришганидан кейин кўчага чиқдик. Ҳовлимиз жуда абгор ҳолатга келиб қолганди. Уйимизни ўраб турган девор, тандир-ўчоқларимиз қулаган. Нарсаларимиз ҳар ерда сочилиб ётибди. Ҳолат қандай бўлганини билиш учун тепага чиққанимизда каналнинг ёпиқ жойи атрофи шағал билан тўлган эди. Ўзи сув оқими паст эди. Лекин ёмғир ва сел ёғиши натижасида сув оқишда давом этмасдан тўпланган. Тўпланган сув канал бўйидаги ариқчаларга туша бошлаган. Оқим кўпайган сари ер ҳам ўпирилиб тушган», — дейди Нурхон Бобоева.

Фото: Фазлиддин Муқаддасов

Бобоеванинг айтишича, оқим пасайиши билан маҳалла аҳолиси кўчага чиққан. Шунда ён қўшнисининг фарзандлари оқиб кетгани маълум бўлган. Икки соатли изланишлар натижасида болалар лойга ботган ҳолатда топилган.

«Сел оқими пасайиши билан маҳалладагилар тўпланди. Шунда бир девор қўшнимизнинг болалари сувда оқиб кетганини билдик. Ҳамма болаларни излашга тушди. Ташқаридан ёрдамчилар келди. Топиш жуда қийин бўлди. Катта фарзандини бир ярим–икки соатларда, кичигини эса эрталаб соат олтиларга яқин, кўпчиликнинг ёрдами билан топишга эришдик. Болалар лойқага ботиб қолган экан. Шубҳасиз барчада бу қандай содир бўлди деган савол туғиляпти. Энди ўйланг, тепадан жуда катта оқим келган. Булар ташқарига чиққанда оқимни кўриб, қўрқиб қочишга ҳаракат қилган. Шу пайтда оқим тезлашиб, болаларни оқизиб кетган. Ушлаб қолишга уринишган, лекин ҳолат бунга йўл қўймаган. Агарда канал тозаланганида балким, мана шундай ачинарли воқеа бўлмасмиди? Қўшнимиз ҳам асраб-авайлаб, зўрға катта қилаётган норасидаларидан айрилмасмиди?», — дейди Нурхон Бобоева.

Нурхон Бобоева.

Фото: Фазлиддин Муқаддасов

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Элёр Матисаковнинг маълум қилишича, ҳудуддаги фавқулодда вазият қандай юз берганини аниқлаш учун махсус ишчи гуруҳ тузилган. Шунингдек, талафот оқибатларини бартараф этиш учун вилоят бўйича 100 дан ортиқ техникалар ҳамда 1000 га яқин кўнгилли ходимлар жалб этилган.

«Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш юзасидан Хонобод шаҳрининг «Тейит» маҳалласи ҳудудида вилоят ҳокими бошчилигида штаб ташкил этилган. Штаб таркибида шаҳар ва туман ҳокимликлари, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Миллий гвардиянинг 600 дан зиёд ходимлари томонидан транспорт, куч ва воситалари жалб қилинган ҳолда табиий офат оқибатлари бартараф этилмоқда. Жараёнда ҳудуддаги ҳар бир хонадон эгалари билан мулоқот ўтказилиб, барча зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда. Шунингдек, электр, сув таъминоти, қурилиш ва бошқа мутасадди корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 100 дан ортиқ техникалари, 1000 га яқин кўнгилли ходимлар, ёшлар ўзларининг ёрдамларини аямаяпти. Тез орада талафот оқибатлари тўлиқ бартараф этилиши таъминланади», — дейди Элёр Матисаков.

Фото: Фазлиддин Муқаддасов

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Андижон вилояти бошқармаси матбуот котиби Сардор Зулуновнинг маълум қилишича, табиий офат оқибатида оқиб келган сел оқимлари Хонобод шаҳри ва Қўрғонтепа туманидаги 278 та турар жойнинг яшаш хонадонлари ва ҳовлисига кирган.

Фото: Фазлиддин Муқаддасов

«Қўшни Қирғизистонда кучли ёмғир ёғиши оқибатида Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманидаги қир-адирлардан сел оқимлари халқ тилида Қирғиз канали деб номланадиган ариққа сиғмасдан фавқулодда ҳолат юзага келган. Натижада Хонобод шаҳрининг ‘Тейит’, ‘Хидирша’ маҳаллаларидаги 170 та, Қўрғонтепа туманидаги ‘Соҳибқирон’ маҳалласининг Мироббоши, Қорабоғич, ‘Найнавў маҳалласининг Комус, Оҳанграбо, Ғазалкент, ‘Зарбулоқ’ маҳалласининг Оқтепа, ‘Эшонобод’ маҳалласининг Шеробод кўчаси, ‘Хотира’, ‘Заркент’, ‘Номус’ маҳалласининг Ташаббус кўчаларидаги 108 та хонадонни сув босган. Ёғингарчилик оқибатида ‘Тейит’ маҳалласи Қорабоғиш кўчасида яшовчи оиланинг икки нафар — 2013 йилда туғилган Ҳумоюн Ҳусанбоев ҳамда ва 2019 йилда туғилган Мубина Ҳусанбоевалар селда оқиб кетиб, вафот этган. Уларнинг жасадлари фавқулодда вазиятлар бошқармаси бўлинмалари шахсий таркиби томонидан олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари давомида топилган», — дейди Сардор Зулунов.

Фото: Фазлиддин Муқаддасов

Муаллиф:Умиджон Мамарасулов