Оқ уй Россияга қарши санкциялар киритиш истаги йўқлигини маълум қилди
АҚШ ишни Россияга қарши янги санкцияларни жорий этишгача олиб боришни истамайди, лекин агар бундай чора асосли бўлса, ушбу ҳуқуқни ўзида сақлаб қолади, деб таъкидлади Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки.
«Биз (апрель ойида) санкциялар ҳақида эълон қилар эканмиз, Россиянинг ҳаракатлари бунинг учун асос бўлган тақдирда, қўшимча чоралар кўриш имкониятига эга бўлиш мақсадида, манёвр қилиш учун имкониятларимиздан максимал даражада фойдаландик. Иш бунгача боришини ҳеч ким хоҳламайди, лекин биз бунинг учун асос кўрсак, бундай ҳуқуқни ўзимизда сақлаб қоламиз», — деди у.
Псакининг сўзларига кўра, Вашингтон «узоқ муддатли истиқболда (Россия билан) янада равшанро ва барқарор муносабатлар ўрнатиш» истагида. Лекин АҚШ «миллий манфаатларни ҳимоя қилишда ва Россия ҳукуматининг АҚШ суверенитетига путур етказишга қаратилган ҳаракатларига жавоб чоралари кўришда» давом этади, деб қўшимча қилди Псаки.
АҚШ апрель ойининг ўрталарида Россияга қарши янги санкциялар киритган эди. Америка банклари ва бошқа молия институтлари учун Россиянинг Марказий банки, Миллий бойлик жамғармаси ёки Молия вазирлиги томонидан 2021 йил 14 июндан кейин чиқарилган бирламчи бозордаги рубль ва бошқа валюталарда тақдим этилган облигацияларни сотиб олиш, шунингдек, Россия Молия вазирлигига кредитлар бериш тақиқланган.
Шунингдек, АҚШ 10 нафар россиялик дипломатларнинг мамлакатдан чиқариб юборилишини, уларнинг орасида махсус хизматлар ходимлари борлигини эълон қилган. АҚШдаги президентлик сайловига таъсир кўрсатгани тахмин қилинган киберҳужумга, бундан ташқари, «Қримни босиб олиш» ва яриморолда инсон ҳуқуқларининг бузилишига алоқадор бир қатор жисмоний ва юридик шахсларга ҳам санкциялар киритилган. Шунингдек, мухолифат етакчиси Алексей Навальнийнинг қамоққа олиниши билан боғлиқ вазият юзасидан АҚШ Россиянинг бир нечта юқори мартабали амалдорларига, шу жумладан, Жазони ижро этиш федерал хизмати раҳбари Александр Калашников, Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников, бош прокурор Игорь Краснов, президент маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко ва ички сиёсат бўйича президент маъмурияти девонининг раҳбари Андрей Яринга нисбатан чеклов чоралари қўлланилган.
Ўз навбатида, Россия ҳам АҚШ маъмуриятининг бир қатор амалдаги ва собиқ юқори лавозимли амалдорларига мамлакатга киришни тақиқлаш ва ўн нафар АҚШ дипломатини мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Бундан ташқари, АҚШ Россиянинг дўстона бўлмаган мамлакатлар рўйхатига киритилди, деб хабар берди Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова. Бу эса АҚШнинг Россияда дипломатик ваколатхоналарига мутахассисларни чекланган миқдорда ишга қабул қилишга рухсат берилишини англатади.
Агар АҚШ янги санкциялар киритишга қарор қилса, Россия яна бошқа чоралар кўриши мукин, деб таъкидлади Ташқи ишлар вазирлиги. «Бошқа вариантлар ҳам мавжуд. Биз, албатта, америкаликларнинг камчиликларини иқтисодий жиҳатдан акс эттириш қобилиятимизнинг чекланганлигини тушунамиз. Лекин бу борада маълум бир манбамиз бор. Агар Вашингтон санкциялар спиралига риоя қилишни танласа, биз у манбани ишга соламиз», — деб қўшимча қилди Ташқи ишлар вазирлиги.
Изоҳ (0)