Саудия Арабистонининг ACWA Power, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида 3 май, душанба куни шамол энергетикаси лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим имзоланди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Мазкур лойиҳа Қорақалпоғистонда 1500 мегаватт қувватга эга шамол энергетикасини лойиҳалаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишни ўз ичига олади.
Вазирлик баёнотига кўра, мазкур иншоот фойдаланишга топширилгандан сўнг Марказий Осиё минтақаси ва дунёдаги энг йирик шамол электр станциясига айланиши кутилмоқда.
«Энергия ишлаб чиқарувчи сифатида биз Ўзбекистонда кам углеродли иқтисодиётга ўтишда Яқин Шарқ ва айниқса, Саудия ҳамкорларимиздан кўп нарсаларни ўрганмоқдамиз. ACWA Power лойиҳаси ушбу жараёнга катта ҳисса қўшади. Бизнинг режамиз 2030 йилга бориб электр энергиямизнинг 25 фоизини қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқаришдир», — деди энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев.
Маълумотга кўра, мазкур лойиҳа, тахминан, 4 миллион хонадоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириши ва йилига, тахминан, 2,5 миллион тонна карбонат ангидрид газини қоплаши кутилмоқда.
ACWA Power компанияси, шунингдек, Бухоро ва Навоий вилоятларида йил бошида тузилган умумий ишлаб чиқариш қуввати 1000 мегаватт бўлган иккита шамол энергетикаси лойиҳасининг инвестори ҳисобланади. Бу борада электр энергиясини сотиб олиш бўйича шартномалар (PPA) ва инвестиция шартномалари имзоланган. Бундан ташқари, Саудия компанияси Сирдарёда умумий қуввати 1500 мегаваттга тенг бўлган иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга оширмоқда.
Ўзбекистонда водород энергетикаси ривожлантирилиши, БААнинг Phanes Group компанияси Навоий вилоятида қуёш фотоэлектр станциясини қуриши ҳамда Ўзбекистондаги биринчи шамол электростанциясини қуриш бошлангани ҳақида хабар берилганди.