«Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпуль» жамоалари ўртасидаги учрашувнинг янги санаси белгиланди.
Ўйин 13 май куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда Премьер Лига матбуот хизмати маълум қилди.
Шу тариқа «Манчестер Юнайтед» 6 майдан 13 майгача 8 кун ичида тўртта учрашув ўтказади. 6 май куни жамоа Европа Лигаси ярим финали доирасида «Рома»га қарши баҳс олиб боради. 9, 11 ва 13 май кунлари эса «Астон Вилла», «Лестер» ва «Ливерпуль»га қарши АПЛ учрашувлари бўлиб ўтади.
Қайд этиш керак, «қизил иблислар» 1992 йилнинг апрелидан бери илк бор беш кун ичида учта АПЛ ўйинида иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, аслида «Юнайтед» ва «Ливерпуль» ўртасидаги ўйин 2 май кунига белгиланганди. Бироқ манчестерлик мухлисларнинг норозилик акциялари сабаб учрашув номаълум муддатга қолдирилганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!