Футбол бўйича Европа Чемпионлар Лигасининг 1/2 финал жавоб ўйини доирасида «Манчестер Сити» ўз майдонида 4 май, сешанба куни «ПСЖ» билан тўқнаш келди.
Учрашув тезкор гол билан бошланди. 11-дақиқада Рияд Маҳрез «шаҳарликлар»ни олдинга олиб чиқди. Жамоалар шу ҳисобда танаффусга йўл олди.
Иккинчи бўлим воқеаларга бой бўлди. 63-дақиқага келиб, Маҳрез «Манчестер Сити»нинг қарши ҳужумини голга айлантирган ҳолда орадаги фарқни оширди. Бу унинг ўйиндаги иккинчи голи эди. Орадан 6-дақиқа ўтар-ўтмас эса Анхель ди Мария қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Шундан сўнг жамоалар қатор ҳужумлар уюштирди, бироқ дарвозалар бошқа ишғол этилмади.
Шу тариқа Пеп Гвардиола бошчилигидаги «Манчестер Сити» ўз тарихида илк марта Чемпионлар Лигаси финалига йўл олди. Жамоа ҳал қилувчи ўйинда «Реал» — «Челси» жуфтлиги ғолиби билан тўқнаш келади. Финал учрашуви 29 май куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади.
ЕЧЛ
1/2 финал, жавоб баҳси
«Манчестер Сити» Англия — «ПСЖ» Франция 2:0
Голлар: 1:0 – 11 Маҳрез, 2:0 – 63 Маҳрез.«Манчестер Сити»: Эдерсон, Уокер, Рубен Диаш, Стоунз, Зинченко, де Брюйне (Габриэль Жезус, 82), Гундўғон, Фоден (Агуэро, 85), Фернандиньо, Маҳрез, Бернарду Сильва (Стерлинг, 82).
«ПСЖ»: Навас, Флоренци (Дагба, 75), Кимпембе, Диалло (Баккер, 82), Маркиньос, ди Мария, Эррера (Дракслер, 62), Паредес (Данилу Перейра, 75), Верратти, Икарди (Кин, 62), Неймар.
Огоҳлантиришлар: Эррера (22), Зинченко (71), Верратти (71), де Брюйне (74), Кимпембе (87).
Четлатиш: ди Мария (69).
Биринчи ўйин — 2:1.